Истанбул бўғози нега фируза рангга кирди?
Сўнгги кунларда Истанбулнинг Босфор бўғозида кузатилган фируза рангли манзара миллионлаб инсонларни ҳайратга солмоқда. Ижтимоий тармоқда тарқалган суратлар ва видео лавҳалар эса бу манзарани янада машҳур қилди.
Олимлар бир қарашда оддий табиат ҳодисасидек кўринадиган бу воқеа ортида жуда муҳим экологик ва илмий жараён борлигини таъкидлаб, аҳолини огоҳлантирмоқда. Зеро, денгиз сувидаги ўзгариш нафақат табиатнинг бетакрор гўзаллиги, балки экотизимда кечаётган нозик амалиёт белгиси ўлароқ талқин қилиняпти.
Мутахассислар фикрича, бўғоз суви фируза тусга киришига асосий сабаб “Coccolithophore” деб аталувчи микроскопик планктонлар оммавий равишда кўпайишидир. Денгизда яшайдиган жуда майда, кўзга кўринмайдиган бу бир ҳужайрали организм асосан Қора денгиз ва океанда учрайди.
Ушбу мавжудотнинг энг қизиқ хусусияти танаси атрофи кальций карбондан ташкил топган майда минерал қобиқчалар билан қоплангани билан боғлиқ. Қуёш нури денгиз юзасига тушганда айнан шу оқ минерал қатлам нурни қайтариб, сувга фируза ва кўк тус беради. Истанбул бўғозида кузатилаётган гўзал манзаранинг асосий сабаби ҳам айнан шу табиий жараёндир.
Бинобарин, “Coccolithophore” фақат денгизга чирой бағишлаш билан чекланмайди. Экспертлар таъкидлашича, бундай митти организм Ер сайёрасининг иқлим мувозанатида ҳам муҳим ўрин тутади: атмосферадаги углерод газини ютиб, денгиз тубига олиб тушиш орқали глобал углерод айланишида иштирок этади.
Углерод – ҳаёт учун зарур асосий унсурлардан бири ҳисобланади. Инсон танаси, ўсимлик, ҳаво, денгиз ва ҳатто ер қаъридаги нефть ҳам углерод билан тирик. Шу билан бирга атмосферада углерод гази ҳаддан ташқари кўпайиши глобал исиш ва иқлим ўзгаришини келтириб чиқаради.
Мутахассислар бўғоздаги айни ҳолат, яъни жадал ўзгариш оддий мавсумий жараён эмаслигига эътибор қаратган. Сув ҳарорати ошиб бориши, иқлим ўзгариши, атмосфера орқали келаётган чўл чанги ва инсоният томонидан юзага келтирилаётган ифлос планктонлар учун янада қулай муҳит яратмоқда.
Айниқса Саҳрои Кабирдан ҳаво оқими орқали келаётган чанг зарралари олимлар диққат марказида. Ёмғир билан денгизга тушаётган ушбу минераллар таркибида темир ва бошқа элементлар планктонлар учун табиий озуқа вазифасини ўтайди. Натижада сувдаги митти организмлар сони қисқа вақт ичида кескин ортади.
Бундан ташқари маиший ва саноат чиқиндиси денгизга оқизилиши ҳам жараённи тезлаштирмоқда. Айниқса Мармар денгизининг оқим суст айрим ҳудудларида ифлосланиш миқдори юқори. Шунинг учун сув рангида фарқ яққол намоён.
Истанбул бўғозининг оқим кучли қисмида сув мусаффо фируза тусда товланса-да, айрим қирғоқ ҳудудларида жигарранг ва зангсимон манзара кузатилмоқда. Яна бир жиддий хавотир “эвтрофикация” деб аталувчи жараён туфайли сувда озуқа моддалари ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши натижасида кислород миқдори кескин камайиши билан боғлиқ. Бундай вазият денгиз жонзотларини қириб юбориши мумкин.
Маълумки, Мармар денгиз минглаб жонзот, маржон, денгиз ўти, пина ва ноёб тирик мавжудотлар учун ҳаёт манбаи ҳисобланади. Мутахассислар табиат маълум даражада ўзини тиклай олишини тан олса-да, ҳозирги ифлосланиш босими олдида бу имконият тобора чекланиб бораётганини айтиб, экологик муаммоларга бефарқ бўлмасликка чақирмоқда. Денгизни муҳофаза қилиш, чиқиндини қатъий назорат қилиш, илмий асосланган экологик сиёсатни кучайтириш орқали жамоатчилик онгига таъсир кўрсатиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган.
Хуллас, Истанбул бўғози фируза тусга кириши бир томондан табиатнинг ҳайратланарли гўзаллиги бўлса, иккинчи томондан инсониятга берилган жиддий экологик огоҳлантиришдир.
Нодира Кайимова, ЎзА
Туркия