Асака шаҳрида фаолият олиб бораётган "Collegium Humanum" Варшава менежмент университетининг Андижон филиали томонидан вилоятдаги қатор ташкилот ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Тадбирда вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, университет филиали мутасаддилари, ҳамкор ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда иштирокчиларга университет фаолияти, мазкур нодавлат олий ўқув юртидаги таълим йўналишлари, талабалар учун яратилган шарт-шароитлар хусусида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг Андижонга ташриф буюрган Варшава менежмент университети ректори, профессор Павел Чарнецкий ҳамда университет канцлери Михаил Глачиньски билан мулоқот ўтказилди. Мулоқот жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган, глобал воқеалар, ўзгаришлар, ҳамкорлик жараёнлари ҳаётимизга тез кириб бораётган бугунги кунда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш барча учун фойдали эканлиги алоҳида таъкидланди.
– Таълим сифатини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш фаолиятимиз самарадорлигини ошириш бўйича янги-янги имкониятлар эшигини очади, – дейди Варшава менежмент университети ректори, профессор Павел Чарнецкий. – Ана шу мақсадда вилоятдаги қатор ташкилотлар ҳамда олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирдик. Ишонаманки, ушбу ҳамкорлик барчамиз учун фақат фойдали бўлади.
Тадбир доирасида Варшава менежмент университети ҳамда Бобур номидаги халқаро жамоат фонди, Андижон вилояти маъмурий суди, Андижон вилояти Педагог ходимлар малакасини ошириш маркази, Андижон давлат университети, Андижон машинасозлик, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари, Андижон давлат педагогика, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтлари, “Ипак йўли” Инновацион акциядорлик тижорат банки ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Мазкур меморандумлар доирасида келгусида Варшава менежмент университетида суд, туризм, банк соҳаларида мутахассислар тайёрлаш, олий ўқув юртлари билан қўшма дастурларни амалга ошириш, ўқитувчилар ва талабаларнинг малака ошириш тизимини йўлга қўйиш бўйича ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги “Collegium Humanum” Варшава менежмент университетининг Андижон филиалини ташкил этиш тўғрисида” ги қарорига асосан ташкил этилган университетда ҳозирги кунда молия ва бухгалтерия ҳисоби, транспорт ва логистика менежменти, халқаро бизнес ва маркетинг, туризм, меҳмонхона иши ва умумий овқатланишда менежмент ва маркетинг, инсон ресурсларини бошқариш, кичик ва ўрта бизнесни бошқариш, маркетинг ва савдо-сотиқ менежменти, BRAND менежменти сингари 10 дан ортиқ бакалавриат таълим йўналиши бўйича талабалар таҳсил олмоқда. Уларнинг Ўзбекистон ва Европа таълим стандартлари асосида ўқиб, билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Бакалавриат йўналиши бўйича уч йил давом этадиган ўқишни муваффақиятли тамомлаган талабага Польша олий таълим вазирлиги томонидан олий маълумотли мутахассис сифатида диплом берилади.
[gallery-11707]
Университет филиалида дарслар ва машғулотлар юртимиздаги ҳамда хорижий мамлакатлардан таклиф этилган тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилади. Якунда Варшава менежмент университети ректори, профессор Павел Чарнецкий, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, тадбир қатнашчилари иштирокида университет талабалари билан мулоқот ўтказилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА