Валери Бойе: Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик юқори даражага кўтарилди
Ўзбекистонга ташриф буюрган Франция Сенати аъзоси Валери Бойе мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама ҳамкорлик юқори даражага кўтарилганини эътироф этди.
Франция Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга муҳим аҳамият бермоқда. “Ўзбекистон - Франция” биринчи парламентлараро форуми парламентлараро мулоқотни кенгайтириш учун самарали майдон бўлди.

Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мазкур форум парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришда янги саҳифа очганини қайд этди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, олий даражада эришилган келишувлар фаол парламент ҳамроҳлигини талаб қилади.
Форум иштирокчилари “Ўзбекистон - Франция” биринчи парламентлараро форуми сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда фикр алмашиш ва келишилган ёндашувларни илгари суриш учун муҳим платформага айланганини таъкидлади.
Форум доирасида сиёсий мулоқот, иқтисодий шериклик ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларига бағишланган учта сессия бўлиб ўтди. Парламент дипломатиясини ривожлантириш ва “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” форматидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш истиқболлари, инвестициявий ва савдо ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, таълим дастурларини ривожлантириш ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон - Франция университетини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА