V ёзги Параосиё ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларига
Матонатли ва қаҳрамон ўғил-қизларим!
Ҳурматли устоз-мураббийлар!
Муҳтарам ота-оналар!
Аввало, барчангизни Японияда бўлиб ўтган V ёзги Параосиё ўйинларида Ўзбекистон жамоаси том маънода тарихий ғалабани қўлга киритгани билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Мард ва жасур фарзандларимиз Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 2 минг 600 нафардан зиёд кучли пара спортчи иштирок этган ушбу нуфузли мусобақаларда чинакам жасорат ва матонат кўрсатиб, мамлакатимиз спорти тарихида яна бир шонли саҳифа очганлари барчамизга чексиз ғурур бағишлайди.
Сизлар қизғин ва муросасиз руҳда кечган беллашувларда 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза медални қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарганингиз юксак таҳсинга муносибдир.
Сизларнинг ҳар бир чиқишингизни юртимиздаги миллионлаб мухлисларингиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди.
Бутун Ўзбекистон халқи Яратгандан омад ва зафарлар тилаб, сизларни чин дилдан қўллаб-қувватлади.
Айниқса, сизлар улкан азму шижоатингиз билан спорти жадал ривожланаётган Ҳиндистон, Жанубий Корея, Эрон, Таиланд, Индонезия каби давлатлар жамоаларини ортда қолдириб, Хитой Халқ Республикаси ва Япониядан кейин учинчи ўринни забт этганингиз – чинакам қаҳрамонликдир.
Сизлар Параосиё ўйинларида нафақат чемпионлик мақомини, балки бутун халқимизнинг ишончини, Ватанимиз шаъни ва ғурурини муносиб ҳимоя қилдингиз.
Ўзбекистон спорт делегацияси қўлга киритган олтин медалларнинг тенг ярми қизларимиз ҳиссасига тўғри келганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни истардим.
Шиддатли баҳсларда юртдошларимиз жаҳон ва Осиё рекордларини янгилаб, ўзбек пара спортининг имкониятлари чексиз эканини яна бир бор исботладилар.
Пауэрлифтингчи қизимиз Рўза Қўзиева делегациямиз ҳисобига олтин медаль тақдим этиш билан бирга жаҳон рекордини ўрнатди. Мадина Мухторова, Каромат Омонова ядро улоқтиришда, Шаҳина Йигиталиева найза улоқтиришда, Наврўза Аҳмадова диск улоқтиришда, Хуршид Қодиров 100 метрга югуришда, Егор Болотов 100 метрга чалқанча сузиш ва 200 метрга комплекс сузиш дастурларида, делегациямиз таркибидаги энг ёш спортчиларимиздан 16 ёшли Лолахон Қодирова қизимиз 50 метрга эркин усулда сузишда Осиё рекордини қайд этди.
Бундан ташқари, пара велоспорт, пауэрлифтинг ва пара енгил атлетика спорт турлари бўйича ҳам 16 нафар вакилимиз Параосиё ўйинлари рекордини янгилашга муваффақ бўлди.
Дмитрий Хорлин тўртинчи бор, Бобиржон Омонов,
Ҳусниддин Норбеков, Қудратиллохон Маъруфхўжаев,
Фахриддин Ҳамроев учинчи бор Параосиё ўйинлари шоҳсупасига кўтарилган бўлса, Асила Мирзаёрова, Шаҳина Йигиталиева, Гулжоной Наимова, Рўза Қўзиева иккинчи маротаба қитъада тенгсиз эканини амалда тасдиқладилар.
Шунингдек, Мадина Мухторова, Наврўза Аҳмадова, Мубинабону Халилова рақибларига ҳеч бир имконият қолдирмасдан, икки карра, Хуршид Қодиров эса уч карра олтин медаль соҳибига айланди.
Параосиё ўйинларида биринчи марта иштирок этган Егор Болотов пара сузиш дастурларида 4 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритди.
Пара велоспорт бўйича жаҳон биринчилигида Ўзбекистонга илк тарихий олтин медални олиб келган делегациямиз байроқдори
Маржона Пардабоева Параосиё беллашувларида ҳам етакчиликни сақлаб қолди ва икки карра Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
Делегациямизнинг 15 яшар аъзоси Бобурбек Тоштемиров пара велоспортнинг трек баҳсларида Ўзбекистоннинг Параосиё ўйинларидаги биринчи олтин медалини қўлга киритиш билан бирга энг ёш чемпион сифатида ҳам тарихга кирди.
Буларнинг барчаси – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз, қолаверса, юртимизда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган тизимли ишларимиз натижаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай довюрак ва паҳлавон фарзандларни тарбиялаган, эзгу интилишларингизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган ота-оналарингиз, моҳир ва жонкуяр мураббийларингизга чин юракдан миннатдорлик изҳор этаман.
Қадрли дўстлар!
Ҳурматли спортчилар!
Сизлар Аичи–Нагоя майдонларидаги ёрқин ғалабангиз билан Янги Ўзбекистонда Паралимпия ҳаракати юқори босқичга кўтарилгани, бу йўлда янги олтин авлод шаклланганини бутун дунёга намоён этдингиз.
Бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: сизлар тақдирнинг ҳар қандай синовларига қарамасдан, фақат ғалаба, эзгу мақсад ва юксак марра сари интиладиган инсонларсиз. Мана шундай фазилатларингиз янада зиёда бўлсин!
Ишончим комил, Япония заминида эришилган натижа, тўпланган тажриба 2028 йил Лос-Анжелесда ўтадиган Паралимпия ўйинлари учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Сизлар жаҳоннинг ана шу энг нуфузли ўйинларига ҳам албатта муносиб тайёргарлик билан борасиз!
Келгуси фаолиятингиз янада ёрқин зафарларга албатта бой бўлади!
Янги Ўзбекистоннинг буюк спорт солномасини яратишда сизларга ҳамиша омад ёр бўлсин, азиз фарзандларим!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти