V Параосиё ўйинлари: делегациямиз раҳбарияти параспортчилар билан учрашди
Айни дамда Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилаётган Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси аъзолари турли спорт дастурларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Япониянинг Аичи префектураси ва Нагоя шаҳрида ўтаётган V ёзги Параосиё ўйинлари доирасида Паралимпия шаҳарчасига ташриф буюриб, мусобақаларда иштирок этаётган ҳамюртларимиз билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев ва бошқа расмийлар ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида спортчилар билан самимий суҳбатлашилиб, уларга олдиндаги беллашувларда муваффақият тиланди. Шунингдек, мамлакатимизда параспортни ривожлантириш, спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиши учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритилди.


Ўз навбатида, параспортчилар билдирилаётган юксак ишончни оқлаш, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш ҳамда мусобақаларда юқори натижаларга эришиш учун бор куч ва маҳоратларини ишга солишларини таъкидлади. Улар ўзлари учун яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, юртимизга муносиб натижалар билан қайтишга интилишларини қайд этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА