V Халқаро жамоавий улоқ-кўпкари турнири олдидан матбуот анжумани ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Спорт вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Улоқ-кўпкари федерациялари ҳамкорлигида Бухоро вилоятида бўлиб ўтадиган V Халқаро жамоавий улоқ-кўпкари турнири олдидан матбуот анжумани ва қуръа ташлаш маросими ташкил этилди.
Анжуманда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари спортчилари, тажрибали мураббийлар, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Матбуот анжумани давомида турнирнинг асосий мақсад ва вазифалари, унинг халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлашдаги ўрни алоҳида таъкидланди. Шунингдек, мусобақа низоми, ўйин қоидалари, хавфсизлик чоралари ҳамда ҳакамлик мезонлари батафсил тушунтирилди. Ҳар бир иштирокчи жамоа таништирилиб, уларнинг тайёргарлик даражаси ва мусобақага бўлган мақсадлари ҳақида маълумот берилди.

Ушбу нуфузли спорт анжумани миллий анъаналаримизни кенг тарғиб этиш, улоқ-кўпкари спорт турини халқаро миқёсда ривожлантириш ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Турнирда иштирок этаётган жамоалар ўртасида кескин ва муросасиз баҳслар бўлиши кутилмоқда.
Анжуман якунлангач ташкилотчилар томонидан қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унда жамоалар “А” ва “Б” гуруҳларига бўлинди. Қуръа натижасига кўра, “А” гуруҳидан Ўзбекистон-1, Қозоғистон ва Хитой жамоалари жой олган бўлса, “Б” гуруҳида Ўзбекистон-2, Қирғизистон ҳамда Россия жамоалари ўзаро рақобатлашади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро турнир 28–29 март кунлари Бухоро туманидаги Миллий гвардия чавандозлар мактаби ҳудудида бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА