
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилбар Сиддиқова соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, бугунги кунда 48 та узумчиликка ихтисослаштирилган туманларда узумчиликда хўжалик юритишнинг кластер шаклини амалиётга татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилган. Сўнгги икки йил давомида 105 та узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилиб, улар томонидан 14 минг гектар майдонда узумзорлар барпо этилган. Саноат корхоналарининг хом-ашё базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2021-2022 йилларда жами 12 минг гектар майдонда янги саноатбоп навли плантациялар барпо этилди.
Узум ҳосилининг сифатини яхшилаш, ток касалликларини олдини олиш мақсадида республика ҳудудларида кейинги беш йилда 50 минг гектар майдонни эгаллаган токзорлар шпалераларга кўтарилиши бошлаб юборилган. Натижада, узумзорлардан олинаётган ҳосилдорлик 10-13 тоннадан 25-40 тоннагача ошмоқда.

Шунингдек, “in-vitro” шароитида тайёрланган узум маҳсулотларини етиштириш мақсадида “De Nova Agro” МЧЖ, “Sag Agro” МЧЖ, “Bussiness Garden Park” МЧЖларга агентликнинг жамғармаси ҳисобидан жами 15 миллиард сўм маблағ ажратилди. Натижада 2023 йилда 1,5 миллион дона “in-vitro” шароитида ўстирилган вируслардан холи, совуққа чидамли, уруғсиз, пайвандланган узум кўчатлари етказиб берилади. Жорий йил 1 декабрь ҳолатига ички бозор талабларидан ташқари 256 миллион АҚШ долларлик сарҳил узум, кишмиш ҳамда 100 миллион долларлик қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар жаҳоннинг 50 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилинган.
Кластерлар томонидан қисқа вақт ичида 55 минг тонна узум маҳсулотини сақлаш ва қайта ишлаш қувватлари, жумладан, 30 минг тонна сиғимли музлаткич омборхоналари, 10 минг тонна қуритиш ва 15 минг тонна узум маҳсулотларини қайта ишлаш қувватлари ташкил этилди ҳамда экспорт қилиш имкониятлари ошди. Тайёр вино маҳсулотларининг экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 2,6 баробарга (1,43 млн.) ошган бўлса, уларни сотиш баҳолари 10 фоизга ўсганлиги соҳа натижадорлигини яққол кўрсатиб беради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА