Жорий йил 23-24 август кунлари Паркент тумани Заркент қишлоғида “Узум сайли” ва халқаро виночилик фестивали ўтказилади. Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш, миллий маҳсулотимиз брендини жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлишини таъминлаш, қадимий узумчилик ва виночилик тажрибаси ҳамда боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштиришга хизмат қилувчи ушбу тадбир анъанага айланиб, кўплаб сайёҳларни ҳам ўзига чорлаб келмоқда.
Ҳозирда фестивалга тайёргарлик жараёнлари қизғин паллага кирган. Мазкур фестиваль олдидан ўтказиладиган тадбирлар режаси, дастурлар билан яқиндан таништириш мақсадида журналист ва блогерлар учун соҳа масъуллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожонов, Паркент тумани ҳокими Сардор Исоқулов ва бошқа масъул ташкилотлар раҳбарлари томонидан атрофлича маълумот берилди. Қайд этилганидек, фестиваль ҳудуддаги узум етиштириш бўйича етакчи марказлардан бири бўлган фермер хўжалигида ташкил этилади.
Фестиваль доирасида соҳанинг етук мутахассислари иштирокида илмий-амалий семинарлар ташкил этилиб, номинациялар бўйича республика кўрик-танловлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий таомлар ва либослар кўргазмалари ҳамда бошқа маданий тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Ўз навбатида мамлакатимизнинг барча вилоятларидан фермер хўжаликлари, вино заводлари вакиллари махсус ташкил этилган павильонларда ўз маҳсулотлари билан иштирок этади. Табиий ичимликлар, шарбатлар ва шарбат концентратлари ишлаб чиқариш корхоналари ўз маҳсулотларини намойиш қилади. Фестивалнинг бизнес зонасида тақдимотлар, музокаралар ўтказилиши режалаштирилган ва бунинг учун шартномалар ва битимлар имзолаш учун шароитлар яратилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг етакчи виночиларнинг ҳамда қўшма корхоналарнинг тақдимотлари ва дегустациялари, нодир виноларни сотиш бўйича аукционлар ўтказилади.
– Бу галги фестивалга 30 дан зиёд хориж давлатларидан узумчилик ва виночилик соҳаларида фаолият юритаётган мутахассислар келиши кутилмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Бобожонов. – Бу ўтган йилга қараганда 30 баробар кўпдир. Бундан ташқари, 1 миллионга яқин маҳаллий меҳмонлар ҳам иштирок этади. Шу билан бирга, хорижлик туристларнинг ҳам қизиқиши катта бўлмоқда. Ўтган йилги фестивалда хорижлик ҳамкорлар билан экспорт шартномалари 35 миллион долларни ташкил этган. Бу гал шу йўналишдаги натижалар юқори бўлишига ишонамиз. “Узум сайли” Тошкент вилоятининг брендига айланиб бормоқда.
Матбуот анжуманида масъуллар томонидан фольклор жамоалар, эстрада санъаткорларининг чиқишлари, урф-одатлар ва анъаналарни акс эттирувчи кенг кўламли маданий дастурлар ташкил этилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Шу билан бирга, пазандачилик маҳсулотлари, ичимликлар ва ширинликларнинг тайёрланиш жараёнлари ҳам намойиш этилади.
А.Мусаев, ЎзА.