Узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар Янги Ўзбекистон келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўлади
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳрига ташриф буюриб, транспорт ва ижтимоий инфратузилма, рақамли технологиялар, саноат ҳамда шаҳарсозлик соҳаларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди, йирик қурилиш лойиҳаларига старт берди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди.
Мамлакатимиз етакчиси ушбу лойиҳа Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудрати ва транспорт-логистика салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
– Бугун бу соҳада том маънода янги давр бошланмоқда, десак, тўғри бўлади. Халқимиз учун тараққиёт ва фаровонлик тимсоли бўлиб хизмат қиладиган ушбу йирик лойиҳанинг бошланиши барчамизга муборак бўлсин, – деди Президент.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти 3 карра ўсди. 2030 йилга бориб унинг ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу эса йўл-транспорт ва логистика инфратузилмасини иқтисодиётнинг ўсиш суръатларига мувофиқ ривожлантиришни талаб этади.
Бугун Ўзбекистон ҳудудидан халқаро аҳамиятга эга 4 минг километр транзит йўл ўтади. Уларнинг 30 фоизи тўлиқ қувватда, яна 25 фоизи ортиқча юклама билан ишламоқда.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон темир йўллари ишга тушгач, мамлакатимиз Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айланади. Покистон портлари орқали Ҳинд океани ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун ҳам янги имкониятлар очилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, йилига қўшимча 15-20 миллион тонна транзит юкини қабул қилиш 400-600 миллион доллар даромад, логистика марказлари ва терминаллар учун 3 миллиард доллар инвестиция ҳамда 50 мингта барқарор иш ўрни яратиш имконини беради.
Шу мақсадда 2030 йилга қадар Андижон билан Қўнғиротни, Термиз билан Тошкентни боғловчи 4 минг километр халқаро йўлларни юқори талабларга жавоб берадиган замонавий транзит йўлакларга айлантириш режалаштирилган. Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли ушбу стратегик дастурнинг муҳим қисми бўлади.
Сўнгги 10 йилда 78 триллион сўм ҳисобидан 128 минг километр йўлда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Энди мамлакатимизда илк бор энг юқори тоифадаги замонавий автомагистраль барпо этилмоқда.
Қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган олти полосали йўлнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. У Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги аҳолиси 2 миллиондан зиёд бўлган 13 та туман орқали ўтиб, ҳудудлар учун янги имкониятлар яратади.
Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич, 60 та туннель типидаги ўтиш жойи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ер ости йўлаклари ва сув ўтказиш иншоотлари қурилади.
Йўл қопламаси оғир ва юқори тезликда ҳаракатланадиган транспорт воситалари қатновига чидамли монолит бетондан барпо этилади. Текис ҳудудларда ҳаракат тезлиги соатига 150 километргача бўлиши кўзда тутилган.
Замонавий хавфсизлик ечимлари, рақамли ва инновацион қулайликлар йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтиришга хизмат қилади.
– Ушбу лойиҳа ишга тушганидан сўнг унинг афзаллигини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида, албатта, ҳис қилади. Тошкентдан Самарқандга етиб бориш вақти ҳозирги 5 соатдан 2,5 соатга қисқаради, – деди давлатимиз раҳбари.
Янги автомагистраль суткасига 60 мингдан 80 мингтагача транспорт воситасини ўтказиш имконига эга бўлади. Тирбандликсиз ва бир маромда ҳаракатланиш энергия сарфи, амортизация ва техник харажатларни камайтиради.
Ҳисоб-китобларга кўра, юк ташиш таннархи 19-24 фоизга пасаяди. Бу, айниқса, тез бузиладиган мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа маҳсулотларни бозорларга қисқа муддатда ва сифатли етказиш имкониятини кенгайтиради.
Янги йўл Фарғона водийси ва мамлакатимизнинг марказий ҳудудларини жанубий ҳамда ғарбий вилоятлар билан боғлашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, халқаро транспорт йўлаклари самарадорлигини ошириб, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги транспорт-логистика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Жаҳон банки таҳлилларига кўра, бундай инфратузилма лойиҳаларига киритилган ҳар бир доллар иқтисодиётга 5 баробаргача самара келтиради. Янги йўл Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ялпи ҳудудий маҳсулотининг 3 фоизга ўсишига туртки бериши кутилмоқда.
Йўл бўйида логистика марказлари, омборлар, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо-сервис, меҳмонхона ва туризм объектлари барпо этилади. Бу янги иш ўринлари, хизматлар бозори ва маҳаллий бюджетлар учун қўшимча даромад манбаларини яратади.
Қурилиш жараёнида маҳаллий хизматлар ва қурилиш материалларидан кенг фойдаланилади. Бу маҳаллий корхоналар учун йирик буюртмалар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва қўшимча иш ўринлари деганидир.
Тўртта ҳудуд раҳбарларига “Ягона коридор – ягона стандарт” тамойили асосида ер участкаларини ажратиш, логистика, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмасини биргаликда режалаштириш вазифаси қўйилди.
Автомагистраль Европа, Туркия, Хитой ва бошқа давлатларнинг илғор тажрибалари асосида лойиҳалаштирилган. Биринчи босқичда йўл хитойлик ҳамкорлар билан EPC модели асосида барпо этилади, кейинчалик уни бошқариш, сақлаш ва эксплуатация қилишнинг замонавий механизмлари жорий этилади.
Лойиҳа халқаро сифат, хавфсизлик ва экологик стандартлар асосида амалга оширилиб, 2030 йилда фойдаланишга топширилади.
Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳа мамлакатдаги йирик йўл қурилиши дастурининг бир қисми эканини таъкидлади. Хива – Урганч йўли қурилиши давом этмоқда, Тошкент – Андижон йўналиши бўйича халқаро тендер якунланиш арафасида, Тошкентни Бўстонлиқ билан боғловчи йўл учун хусусий шерикни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
– Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдевор қўймоқдамиз, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари хитойлик ҳамкорлар, маҳаллий ва хорижий мутахассислар, муҳандислар, лойиҳачилар ва қурувчиларга муваффақият тилаб, Ўзбекистон тарихида илк бор “яшил” ва инновацион йўл барпо этилаётганини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли пойдеворига капсула қўйиб, унинг қурилишини бошлаб берди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятига ташрифи давомида А-373 ва Тошкент катта халқа йўллари кесишмасида барпо этилган янги йўл ўтказгични кўздан кечирди.
Мазкур иншоот транспорт оқимини самарали ташкил этиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш ҳамда Тошкент шаҳри билан Нурафшон ўртасидаги қатнов вақтини 10-15 дақиқага қисқартиришга хизмат қилади.
Бектемир ва Ўрта Чирчиқ туманлари туташган ҳудудда 14,1 гектар майдонда барпо этилган лойиҳанинг қиймати 240 миллиард сўмни ташкил этди. Объект таркибида узунлиги 66 метр, кенглиги 46 метр бўлган кўприк, 450 метрлик ер ости автомобиль йўли, иккита ортга қайрилиш йўлаги, тўртта ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги ва 950 метрлик айлана ҳалқа йўли қурилди. Шунингдек, 9,5 километр пиёда ва велойўлаклар, саккизта жамоат транспорти бекати, 240 та ташқи ёритиш чироғи ҳамда 6 километр йўл тўсиқлари барпо этилди.
Янги объектнинг ишга туширилиши натижасида йўналишнинг кунлик ўтказувчанлик қуввати бир неча баробарга ошиб, 130 мингта автотранспорт воситасига етади. Бу эса пойтахт ва Тошкент вилояти ўртасидаги транспорт алоқаларини янада яхшилаш, тирбандликларни бартараф этиш ҳамда аҳоли учун қулай ҳаракатланиш шароитини яратишга хизмат қилади.
Президентимизга лойиҳанинг техник ечимлари, транспорт оқимини бошқариш имкониятлари ҳамда келгусида Тошкент – Нурафшон йўналишида тезюрар автобуслар тизимини (BRT) йўлга қўйиш бўйича режалар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманидаги Қорасув канали бўйида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида соҳил бўйи масканларини тартибга солиш ва у ерда замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай лойиҳалар нафақат аҳоли учун қулай дам олиш масканларини яратишга, балки янги иқтисодий имкониятларни ишга солиш орқали ҳудудларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўрта Чирчиқ туманидаги Қорасув канали соҳили ҳам бугун ана шундай сўлим масканлардан бирига айланмоқда. Ўтган йили бошланган қурилиш ишлари натижасида 32 миллиард сўмдан зиёд маблағ ҳисобидан соҳил бўйининг 9 километр узунликдаги қисми ободонлаштирилади.
Лойиҳа икки босқичда амалга оширилаётган бўлиб, дастлаб Тинчлик ва Қорасув маҳаллалари оралиғидаги 1,6 километр узунликда соҳил қисми ободонлаштирилди. Пиёдалар учун замонавий йўлаклар, фаввора, воркаут майдончалари, аквапарк ҳамда кўприк ости туннели аҳоли хизматига шай.
Ҳудудда, шунингдек, манзарали дарахтлар, қулай ўриндиқлар билан бирга умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам барпо этилган.
Кейинги босқичда Қорасув, Роватак ва Файзобод маҳаллаларидан ўтувчи қисмида кўнгилочар, дам олиш ва гастрономик кўчалари ташкил этилади. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сони 6 тага етказилиб, 150 та янги иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари Нурафшон шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг янги барпо этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуасида яратилган шароитлар билан танишди.
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фуқароларга кўрсатилаётган давлат ижтимоий хизматлари кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкент вилоятида илк маротаба ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуаси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига комплекс хизматларни бир жойда кўрсатиш имкониятига эга.
У ерда 5 та муассаса – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси, ҳудудий Ижтимоий инспекция, Нурафшон шаҳри “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ҳамда ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази жойлаштирилган.
Мажмуа барпо этилиши ҳисобига ҳар йили Нурафшон шаҳри ҳамда унга яқин бўлган Ўрта Чирчиқ, Пискент, Оққўрғон ва Бўка туманларида 10 мингга яқин фуқаро ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади.
Мазкур муассасада 100 нафарга яқин ходим фаолият юритиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг жамиятга тўлақонли ва мустақил мослашишига кўмак берилади.
Шунингдек, ҳудудий ижтимоий хизматлар марказида фуқароларнинг индивидуал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда нодавлат сектор имкониятларини кенг жалб этиш орқали 5 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилган.
Натижада кўп йиллар уйида ўтириб қолган ва ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтожлар, ногиронлиги бўлган болалар жамиятга интеграция қилинади.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари ногиронлиги бўлган шахсларни янги стандарт ва сунъий интеллект ёрдамида ташхислаш, Тошкент вилоят тажрибаси асосида маҳалладаги ижтимоий ходимларнинг янгича ишлаш механизмлари тақдимоти билан танишди.
Президентимиз мазкур Ижтимоий ҳимоя мажмуасида яратилган шароитларни кўздан кечирар экан, аҳолининг муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятга муносиб мослашиши ҳамда ижобий руҳият билан яшашига кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Шундан сўнг Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилоятидаги “Инсон” волонтёрлари жамоаси билан суҳбатлашиб, уларнинг лойиҳалари билан танишди. Мажмуа фаолиятини маъқуллаб, республика бўйлаб шунга ўхшаш ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари сонини уч баробарга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, мавжуд имкониятларни янада кенгайтириб, ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари сонини республикада камида 90 тага етказиш мақсад қилинган. Бунда янги марказлар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли кўп истиқомат қиладиган, транспорт қатнови қулай ҳамда фуқаролар учун етиб бориш осон бўлган ҳудудларда ташкил этилиши режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳрида ахборот хавфсизлиги ва рақамли технологияларга ихтисослашган “Cyber University” давлат университети фаолияти билан танишди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимизни минтақавий IT-хабга айлантириш устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Бунинг учун давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, замонавий алоқа инфратузилмасини ривожлантириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда инновацион экотизимни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда яратилган қулай шароитлар натижасида юртимизда IT компаниялар, юқори даромадли иш ўринлари ва рақамли хизматлар экспорти изчил кўпаймоқда. Мазкур жараёнда замонавий билим ва кўникмаларга эга ёш мутахассисларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.
“Cyber University” давлат университети Президентимизнинг 2025 йил 20 январдаги қарорига мувофиқ, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида мустақил олий таълим муассасаси сифатида ташкил этилган.
Университетда ахборот ва киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва робототехника, киберҳуқуқ, рақамли криминалистика ҳамда кибериқтисодиёт соҳалари учун халқаро талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрланмоқда.
Бугунги кунда олийгоҳда 2 та факультет ва 4 та кафедра фаолият юритиб, 8 та бакалавриат ҳамда 2 та магистратура йўналишида қарийб 1 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.
Университетда 1 минг 585 ўринли ўқув биноси, 805 ўринли талабалар турар жойи, замонавий спорт мажмуалари, ошхона ва ахборот-ресурс маркази ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари университетда яратилган шароитлар билан танишди. Олийгоҳда таҳсил олаётган ёшлар билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.
– Келажакда сиздек мутахассисларга эҳтиёж янада ошади. Ҳар бир соҳа ва ҳар бир ҳудуд рақамли технологиялар билан ҳамоҳанг ривожланмаса, мамлакат тараққий этмайди. Шунинг учун сизлар ўз устингизда тинимсиз ишлаб, энг замонавий билимларни эгаллашингиз керак, – деди Президентимиз.
Университет жамоаси халқаро киберхавфсизлик мусобақалари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги хакатонларда юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Экологик барқарорлик тамойиллари асосида шакллантирилган олийгоҳга “Яшил кампус” мақоми берилган.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев университетга туташ ҳудудда барпо этиладиган Келажак технологиялари маркази қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида буюк аждодимиз Муҳаммад ал-Хоразмий асос солган алгоритмлар бугун глобал иқтисодиётнинг ўзаги ва инсонлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланганини таъкидлади.
Ҳозирги дунёда рақобат йиллар ва ойлар билан эмас, балки дақиқалар ва сониялар билан ўлчанмоқда. Рақамлаштиришни ортга сурган, сунъий интеллектни ўзлаштирмаган ва инновацияларга сармоя киритмаган давлатлар глобал тараққиётдан ортда қолиши қайд этилди.
– Ҳаётимизнинг барча жабҳаларини рақамлаштириш билан жиддий шуғулланмасдан туриб, ривожланиш мумкин эмас. Бусиз келажагимиз йўқлигини барчамиз теран англашимиз керак, – деди Президент.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳасидаги натижалари халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда. Жорий йилда венчур инвестициялар ҳажми 5 баробар кўпайиб, ўсиш суръати бўйича мамлакатимиз жаҳонда биринчи ўринга кўтарилди.
Ўзбекистоннинг миллий стартап экотизими қарийб 4,5 миллиард долларга етди. Инновацион ғояларни рағбатлантириш мақсадида мукофот жамғармаси 5 миллион доллар бўлган Президент стартап танловига старт берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилотининг таъсисчиларидан бири бўлиб, бу борадаги глобал жараёнларни шакллантиришда иштирок этадиган давлатлар сафидан жой олди.
Умумий майдони 36 гектар бўлган марказ қурилишига қарийб 500 миллион доллар инвестиция жалб қилинади. У таълим, илмий-тадқиқот, технологик синов ва ишлаб чиқариш жараёнларини бирлаштирадиган ягона инновацион экотизим бўлади.
Нурафшон шаҳрининг танланиши бежиз эмас. Бу ердаги “Cyber University”да киберхавфсизлик ҳамда ахборот ҳимояси соҳаларида қарийб 1 минг нафар мутахассис тайёрланмоқда. Энди университет атрофида бутун мамлакат учун намуна бўладиган яхлит инновацион кластер шакллантирилади.
Марказда киберхавфсизлик, сунъий интеллект, булутли технологиялар ва криптография йўналишларида 6 та замонавий лаборатория ташкил этилади.
Шунингдек, сунъий интеллект дата-маркази ва муҳандислик кластери, ҳимояланган компьютер ҳамда маълумот узатиш қурилмалари, юқори технологик токенлар ишлаб чиқариш маркази барпо этилади. Учувчисиз дрон қурилмалари ва робототехника воситаларини синовдан ўтказиш учун махсус полигон фаолияти йўлга қўйилади.
Осиё тараққиёт банки кўмагида маҳаллий технологияларни тижоратлаштириш ва миллий маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш платформаси яратилади. Лойиҳаларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун 5 мегаваттли энергетика қувватлари барпо этилади.
Марказга етакчи глобал компаниялар, университетлар ва олимларни жалб қилиш, талабалар ва ходимлар учун замонавий ижтимоий, маданий ва маиший инфратузилма яратиш кўзда тутилган.
Энг муҳими, мазкур инновацион экотизимда 5 мингдан зиёд юқори малакали иш ўрни ташкил этилади. Марказ Тошкент вилоятида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва ҳудуднинг инновацион салоҳиятини юксалтиришга катта туртки беради.
Қайд этилганидек, жорий йилда Тошкент вилоятининг рақамли хизматлар экспорти илк бор 50 миллион долларга етиши кутилмоқда. Мавжуд имкониятларни янада кенгайтириш учун Нурафшон ва Чирчиқ шаҳарларида замонавий IT парк бинолари қурилишига ҳам старт берилди.
– Узоқни кўзлаб, чин дилдан амалга ошираётган ортга қайтмас ислоҳотларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкори бўлган ёшларимиз келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўлади. “Рақамли Ўзбекистон” келгуси авлодларга биздан муносиб мерос бўлиб қолади, – деди давлатимиз раҳбари.
Мазкур масканни Тошкент вилоятининг сунъий интеллект ва рақамлаштириш марказига, ёшларнинг билим, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқарадиган замонавий мажмуага айлантириш асосий мақсад экани таъкидланди.
Келажак технологиялари марказида амалга ошириладиган илмий ишланмалар, технологик ечимлар ва кашфиётлар мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Маросимда Хитой, Россия ва Германия компаниялари иштирокида амалга ошириладиган, умумий қиймати 465 миллион доллар бўлган 9 та янги лойиҳа қурилишига ҳам старт берилди.
Ушбу янги қувватлар ишга тушиши натижасида яна 5 мингта иш ўрни яратилади, аҳолининг замонавий ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди.
Президент Шавкат Мирзиёев хорижий ҳамкорлар, мутахассислар ва қурувчиларга муваффақият тилади.
Сўнг давлатимиз раҳбари Нурафшон шаҳридаги “Нурафшон махсус техника” корхонасига борди.
Мамлакатимизда автомобилсозлик ва машинасозлик тармоқларини замонавий талаблар асосида ислоҳ қилиш, соҳанинг рақобатбардошлиги ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 25,8 гектар майдонда ташкил этилган “Нурафшон махсус техника” корхонасида бугунги кунда “KRANTAS” бренди остида махсус турдаги автомобиллар, ҳарбий техника ва турли механизмлар ишлаб чиқарилмоқда, 300 нафардан ортиқ юқори малакали мутахассис доимий иш ўрни билан таъминланган.
Ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган ускуна ва технологиялар АҚШ, Германия, Италия, Швеция, Россия, Хитой ҳамда Туркия давлатларидан келтирилган.
Ўтган даврда 2 ярим минг тоннага яқин металл конструкция, 300 дан зиёд автомобиль устқурмаси, 200 дан ортиқ шасси ва 20 дан зиёд трактор ишлаб чиқарилди. Жумладан, ўтган йилда 275 миллиард сўмлик техника ва механизмлар буюртмачиларга етказиб берилди.
Корхона импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги 10 гектар ер майдонида янги завод қуриш режалаштирилган. Бу эса йилига 15-18 миллион долларлик маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари мажмуадаги ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар ҳамда замонавий технологик ечимларни кўздан кечирди. Соҳа мутасаддилари ва муҳандислар билан мулоқотда маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида Тошкент вилояти жамоатчилиги билан тантанали учрашувда иштирок этди.
Тадбирда нуронийлар, ёшлар ва фаоллар қатнашди. Мамлакатимиз етакчиси йиғилганларни самимий қутлаб, вилоят аҳли билан яна бир бор дийдор кўришиб турганидан мамнунлигини билдирди.
Қайд этилганидек, яқин йилларгача катта иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятга эга Тошкент вилоятининг ўз маъмурий маркази мавжуд эмас эди. Қисқа вақт ичида Нурафшон шаҳри янгитдан барпо этилиб, бу ерда замонавий маъмурий, ижтимоий ва маданий инфратузилма шакллантирилди.
Шаҳарда “Янги Ўзбекистон” боғи, “Ватанпарвар боғи”, матонатли ўзбек аёли Зулфия Зокировага бағишланган ёдгорлик мажмуаси, хиёбонлар, сунъий кўл, амфитеатр ва фавворалар, кенг яшил ҳудудлар, велосипед ҳамда пиёдалар йўлаклари барпо этилди.
– Бу ердаги ҳар бир корхона, ҳар бир кўча ва бино, майдон ва хиёбон серғайрат, меҳнаткаш ва фидойи вилоят аҳли билан биргаликдаги ишларимизнинг натижасидир, – деди Президентимиз.
Бугун Нурафшон шаҳри Янги Ўзбекистон тимсоли сифатида намоён бўлаётгани таъкидланди. Шаҳарнинг номи “нур сочувчи”, “зиё тарқатувчи” деган маъноларни англатади. Шу боис, гўзал кент замонавий қиёфаси, тараққиёти, маданияти, бошқаруви ва инсон қадрига бўлган муносабати билан ҳам бошқаларга намуна бўлиши кераклиги қайд этилди.
Нурафшон мамлакатимизда “ақлли шаҳар” модели асосида барпо этилаётган биринчи шаҳар сифатида ҳам тарихга кирмоқда. Бу ерда рақамли бошқарув, интеллектуал транспорт, энергия тежамкор технологиялар, маданий масканлар ва экологик инфратузилма ягона тизимга бирлаштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Нурафшонни илм-фан, юксак технологиялар ва ёшлар шаҳрига айлантириш асосий мақсад эканини таъкидлади. Бу ерда минг ўринли маданият саройи, Бадиий академиянинг вилоят бўлими, Сунъий интеллект маркази, Ахборот-ресурс кутубхонаси ва касблар марказини ўз ичига олган замонавий “Ёшлар шаҳарчаси” бунёд этилмоқда.
“Нурафшон бизнес сити” лойиҳаси доирасида маъмурий, бизнес, таълим, тиббиёт, маданият ва турар жой ҳудудлари ўзаро уйғун ҳолда ривожлантирилмоқда. Жумладан, 700 ўринли кўп тармоқли тиббиёт марказида телемедицина ва робототехника ёрдамида 60 дан зиёд юқори технологик тиббий хизмат кўрсатилиши режалаштирилган.
Шарқ бозори, ҳунармандчилик кўчалари, миллий павильонлар, амфитеатр ва замонавий дам олиш масканларини қамраб олган туристик-маданий мажмуа ҳам Нурафшоннинг ташриф қоғозига айланади.
Тадбирда Тошкент вилояти мамлакатимиз иқтисодиётининг йирик таянч ҳудудларидан бири экани алоҳида таъкидланди. Республика ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги беш йилда ҳудудга 16 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 3 мингтага, экспорт ҳажми эса 3 миллиард долларга яқинлашди.
Президентимиз вилоятни Тошкент шаҳри билан ягона иқтисодий ва транспорт макони сифатида ривожлантиришга доир янги лойиҳалар ҳақида ҳам сўз юритди. Пойтахт билан боғловчи жамоат транспорти йўналишлари кенгайтирилиб, Тошкент – Нурафшон йўналишида замонавий поездлар қатнови йўлга қўйилиши белгиланди.
– Сиз, азиз Тошкент вилояти фаоллари, тадбиркор ва фермерлар, зиёлилар, нуронийлар ва серғайрат ёшлар билан биргаликда бу заминни янада яшнатамиз, мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам ва қудратли таянчига айлантирамиз. Мен бунга қатъий ишонаман ва Президент, давлат раҳбари сифатида бутун халқимиз қатори Тошкент вилояти аҳолисининг тинч, фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун бундан буён ҳам бор куч ва имкониятимни сафарбар этаман, – деди давлатимиз раҳбари сўзининг якунида.
Тадбир маданий дастур билан давом этди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятига сафари якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА махсус мухбирлари