Меҳнат мигрантлари ярим йилда Ўзбекистонга 9,3 миллиард доллар юборди
Жаҳон молия бозорларида ноаниқликлар сақланиб, геосиёсий хавфлар ҳамда ташқи иқтисодий босимлар кучайиб бораётган шароитда миллий валюта барқарорлигини таъминлаш ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бундай шароитда ички валюта бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат, экспорт тушумлари, халқаро пул ўтказмалари ҳамда Марказий банк юритаётган пул-кредит сиёсати ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Марказий банкнинг 2026 йил биринчи ярим йиллиги бўйича ички валюта бозори шарҳи Ўзбекистонда ушбу йўналишда ижобий тенденциялар сақланиб қолаётганини кўрсатди. Ҳисоботга кўра, хорижий валюта таклифининг талабга нисбатан тезроқ ўсиши, экспорт тушумларининг кўпайиши, аҳоли томонидан банкларга сотилаётган валюта ҳажмининг ортиши ва халқаро пул ўтказмаларининг рекорд даражага чиқиши миллий валюта барқарорлигини таъминлаган асосий омиллардан бўлди.
Эътиборлиси, ҳисобот даврида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан айирбошлаш курси йил бошига нисбатан деярли ўзгаришсиз сақланди. Бу эса мамлакатда олиб борилаётган макроиқтисодий ислоҳотлар, валюта бозорини либераллаштириш ҳамда бозор механизмларини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганини англатади. Халқаро валюта жамғармаси томонидан Ўзбекистоннинг алмашув курси режими «судралувчи»дан «сузувчи» мақомга ўтказилгани ҳам ушбу ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи сифатида баҳоланмоқда.
Хўш, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида ички валюта бозорида қандай ўзгаришлар юз берди? Сўм барқарорлигига қайси омиллар таъсир кўрсатди ва Марказий банк келгуси давр учун қандай устувор вазифаларни белгиламоқда? Қуйида ушбу саволларга рақамлар ва таҳлиллар асосида жавоб излаймиз.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги Ўзбекистон валюта бозори учун нисбатан барқарор давр бўлди. Жаҳон иқтисодиётида геосиёсий хавфлар, ташқи савдодаги ноаниқликлар ва молия бозорларидаги ўзгарувчанлик сақланиб турганига қарамай, мамлакат ички валюта бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат таъминланди.
Марказий банкнинг ярим йиллик шарҳига кўра, ички валюта бозорида хорижий валюта таклифи талабга нисбатан тезроқ ўсди. Бу эса миллий валюта курсининг барқарорлигини сақлашда ҳал қилувчи омиллардан бири бўлди.
Жорий йилнинг дастлабки олти ойида хорижий валютага бўлган умумий талаб қарийб 32 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, Марказий банк иштирокисиз шаклланган валюта таклифи 27,8 миллиард долларга етиб, бир йил ичида 31 фоизга ўсди.
Экспертларнинг таъкидлашича, талабдан тезроқ ўсган таклиф ички бозорда валюта тақчиллигининг олдини олади. Бу эса импортчилар, экспортчилар ва аҳоли учун қулай иқтисодий муҳит яратиб, сўм курсининг кескин ўзгаришларини чеклайди.
Ҳисоботда қайд этилишича, экспорт тушумлари 10,1 миллиард долларга етган. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 30 фоизга кўп.
Эътиборлиси, экспортдан тушган валютанинг 55 фоизи ички бозорда сотилган. Бу эса миллий иқтисодиётга қўшимча валюта оқимини таъминлаб, импорт операцияларини молиялаштириш имкониятларини кенгайтирди.
Экспорт ҳажмининг ортиши ташқи савдо баланси барқарорлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки мамлакатга кириб келаётган валюта ҳажми қанча юқори бўлса, миллий валютага босим шунча камаяди. Марказий банк маълумотларига кўра, импортни молиялаштиришда ички валюта бозори орқали сотиб олинган валюта улуши 67,2 фоизга етган. Бу тадбиркорлар расмий валюта бозорига ишончи ортиб бораётганини кўрсатади. Шу билан бирга, хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига импортни молиялаштириш улуши бироз қисқарган. Бу тенденция мамлакатда валюта операцияларининг очиқлиги ва шаффофлиги ошиб бораётганини англатади.
Сўнгги йилларда меҳнат мигрантлари томонидан юборилаётган маблағлар Ўзбекистон валюта бозорининг энг муҳим омилларидан бирига айланди. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатга 9,3 миллиард долларлик халқаро пул ўтказмалари келиб тушди. Бу маблағлар нафақат аҳоли турмуш даражасини қўллаб-қувватламоқда, балки ички валюта бозорида қўшимча таклифни ҳам шакллантирмоқда. Натижада мамлакатда 8 миллиард долларлик ижобий валюта сальдоси вужудга келди. Бу кўрсаткич сўм барқарорлигини таъминлашда муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Ҳисоботга кўра, аҳоли томонидан банкларга сотилган валюта ҳажми 12,3 миллиард долларга етди. Бу бир йил аввалги кўрсаткичга нисбатан қарийб 40 фоизга юқори. Харид қилинган валюта ҳажми эса 6,8 миллиард долларни ташкил қилди. Яъни, аҳоли валюта бозорига 5,5 миллиард долларлик қўшимча таклиф яратди. Бу ҳолат миллий валютага нисбатан ишонч мустаҳкамланаётгани ва банк тизими орқали амалга оширилаётган операциялар кўлами кенгаяётганидан далолат беради.
Биринчи ярим йилликда миллий валюта курси 11 935-12 320 сўм оралиғида шаклланди. Йил бошидаги ва ярим йиллик якунидаги курс деярли бир хил сақланиб қолди. Бу натижа ташқи иқтисодий шароит мураккаб бўлган бир пайтда мамлакат пул-кредит сиёсати самарали ишлаётганини кўрсатади. Албатта, курснинг айрим кунлардаги тебранишлари бозор иқтисодиёти учун табиий ҳол ҳисобланади. Жорий йилнинг муҳим воқеаларидан бири Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон алмашув курси режимига берган янги баҳоси бўлди.
Эндиликда мамлакатимиз «судралувчи» эмас, балки «сузувчи алмашув курси» режимига эга давлатлар қаторида баҳоланмоқда. Бу — Марказий банкнинг валюта бозоридаги иштироки қисқариб, курс асосан талаб ва таклиф таъсирида шаклланаётганини англатади. Мазкур ёндашув инвесторлар учун ҳам ижобий сигнал ҳисобланади. Чунки эркинроқ валюта бозори мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади. Марказий банк келгуси даврда валюта бозорини янада такомиллаштиришни мақсад қилган.
Хусусан, рискларга асосланган валюта сиёсати, маркет-мейкерлик институтини ривожлантириш, клиринг тизимини модернизация қилиш ва валюта хатарларини бошқариш механизмларини жорий этиш режалаштирилган.
Бу чоралар ички валюта бозорининг чуқурлашувига, ликвидликнинг ошишига ҳамда миллий молия бозорининг халқаро стандартларга яқинлашишига хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунлари шуни кўрсатадики, Ўзбекистон ички валюта бозори ташқи босимларга қарамай барқарор ишламоқда. Экспорт тушумларининг кўпайиши, пул ўтказмаларининг ўсиши, аҳолининг валюта сотуви фаоллашиши ҳамда Марказий банкнинг эҳтиёткор сиёсати сўм барқарорлигини таъминлаётган асосий омиллар бўлиб қолмоқда. Бироқ узоқ муддатли барқарорлик учун экспорт географиясини кенгайтириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш, хусусий инвестицияларни жалб этиш ва ички ишлаб чиқариш рақобатбардошлигини кучайтириш муҳим вазифа бўлиб қолади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА