Президент ташаббуси амалда
Маълумотларга кўра, киши умри давомида ўртача 75 тонна сув истеъмол қилар экан. Катта ёшдаги киши жисмининг 82 фоизини сув ташкил этаркан. Катта ёшдаги киши бир кеча-кундузда 2,5 литр сув истеъмол қиларкан, ундан 1,2 литри ичимлик сувига тўғри келса, 1 литри турли озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавотлар таркибидаги, 0,3 литри организмда модда алмашинуви жараёнида пайдо бўларкан.
Маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича 25 миллион киши айнан тоза ичимлик сув етишмаслиги оқибатида вафот этади. Ҳар сонияда бир бола ифлосланган сув туфайли пайдо бўлган касалликдан вафот этмоқда. Тахминларга кўра, ҳозирга келиб дунё аҳолисининг 40 фоизи ичимлик сув муаммосидан азият чекмоқда.
[gallery-21613]
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан Бухоро вилоятида 2016-2024 йиллар давомида Республика бюджети ҳисобидан жами 128 та объектда 438,0 миллиард сўм эвазига 1115,36 км сув ва канализация тармоқлари 48 та сув иншоотлари ҳамда 15,5 км канализация тармоқлари 4 та канализация иншооти қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. Бунинг натижасида вилоят аҳолисининг ичимлик сув таъминоти 49,7 фоиздан 73,5 фоизга яхшиланди.
2018 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида 4 та объектда 12,84 миллиард сўм эвазига 20,5 км сув тармоқлари 2 та сув иншооти ҳамда 1 та локал оқава станцияси қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. 2020 йил Инвестиция дастури доирасида 1 та объектда Ғиждувон ЭИЗ учун 2,8 миллиард сўм эвазига 6,8 км сув тармоқлари қурилди. Бухоро шаҳрида 1 та объектда Шохруд сув олиш иншоотини реконструкция қилинди.
– Вилоятда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар тўғрисида сўнгги йилларда мамлакатимизда, хусусан, Бухоро вилоятида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ичимлик сув ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш, вилоятнинг экологик ҳолатини янада яхшилаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди “Бухоро сув таъминоти” АЖ директори вазифасини бажарувчи Шохрухали Садиллаев. – Масалан, Олот ва Қоракўл туманида “Икки даҳа” сув иншооти қурилиши орқали ҳудудларнинг санитария-эпидемиологик ҳолати тубдан яхшиланди. Бугунги кунда давлат стандартларига жавоб берадиган сув билан 24 соат узлуксиз таъминланмоқда.
Қоракўл ва Олот туманларини асосий сув манбаси ҳисобланадиган “Двойник” (“Икки даҳа”) сув тозалаш иншооти 1975 йилда қурилган бўлиб, бир кеча-кундузда 12 минг метр куб сувни тозалаш қувватига эга бўлган. Бироқ қурилганидан буён модернизация қилинмаганлиги сабабли эскирган. Иншоотдан аҳолига борадиган сув сифати истеъмолга яроқсиз ҳолда. Унинг кунлик ичимлик сув етказиб бериш қуввати 50 минг куб метрга оширилди. Бугунги кунда “Двойник” сув тозалаш иншоотида қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланди.
Олот ва Қоракўл туманларидаги “Олот” ва “Дўстлик” сув тақсимлаш иншоотида 4 дона 2000 метр куб ҳажмли сув сақлаш резервуарлари янгидан қурилди. “Жумабозор” ва “Янгибозор” сув тарқатиш пункти ва насос станцияси қуриб битказилди. Белгиланган 50 минг 815 дона абонент сув ўлчагичларидан 47 минг 784 донаси ўрнатилди. Жами 72,4 миллион долларлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.
– Иншоотда сув уч босқичда тозалаб берилади, – дейди “Двойник” сув тозалаш иншооти раҳбари Қаҳрамон Қубонов. – Қоракўл ва Олот туманлари аҳолиси томонидан бир кеча-кундузда 20 минг куб метр сув истеъмол қилинмоқда. Айни пайтда иншоотда 32 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган. Яна бир эътиборли томони шундаки, тоза ичимлик сув билан таъминланган туманлар аҳолиси ўртасида соғлом турмуш тарзи янада яхшиланди.
Тоза ичимлик сув келиши билан бир қатор соматик ҳамда юқумли касалликлар камайди, ўткир ичак касалликлари қайд қилинмади. Бундан ташқари 2020 йилда ўткир диарея касаллиги 15 та қайд қилинган бўлса, 2021 йилда бор йўғи 2 нафар беморда кузатилган. Паразитар касалликлар ҳисобот кўрсаткичлари солиштирилганда эхинококкоз касаллиги билан 2020 йилда 6 нафар, 2021 йилда 3 нафар, 2022 йилда 2 нафар бемор рўйхатга олинган.
– Туман марказида яшасак ҳам неча йиллар давомида “оби ҳаёт”ни ташиб келтириларди, – дейди Олот тумани Халқобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулсум Қодирова. – Эндиликда давлат раҳбарининг ташаббуси билан тоза ичимлик сув билан таъминландик.
Ҳозирда, Маллашшайх маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам узлуксиз тоза ичимлик сув билан таъминланди. Натижада мазкур ҳудудда юқумли касалликлар, ўткир ошқозон-ичак касалликлари, ўткир диарея уч баробарга камайди. Вирусли гепатит А касаллиги билан касалланиш 2021-2022 йилларда қайд қилинмади. Санитар-эпидемиолик ҳолатлар яхшиланиб соғлом генофонд шаклланиши ва аҳолининг турмуш шароитини яхшиланишига асос бўлди.
– Муҳими мазкур лойиҳани ишга туширилиши туфайли Қоракўл ва Олот туманларининг 230 мингга яқин аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш имкони яратилди, – дейди меҳнат фахрийси Файзулло Бебутов. – Маҳаллий аҳоли истеъмолга яроқли “оби ҳаёт”ни ташиб келтириб ичиш қийинчилигидан халос бўлди. Биз савдо дўконидан сотиб оладиган сифатли ичимлик сув каби фильтрланган сув туманимизнинг барча аҳолисига етказиб берилаётгани, албатта, қувонарли.
– Касбим ўқитувчи бўлганлиги сабаб дарсларда ёш авлодга “сув ҳаёт манбаи” иборасини кўп ишлатиб ўтаман, – дейди Қоракўл тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Дилором Раззиқова. – Афсуски, неча йиллардирки, бизнинг ҳудудда сув муаммоси мавжуд эди. Бугунги кунда бу муаммонинг ҳаммаси ортда қолди.
– Мана шу иншоот орқали 1 минг 71 та хонадонга ичимлик сув етказилади, – дейди Қоракўл тумани “Зиёрат” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Куйдим” сув иншооти кузатувчиси Ботир Камолов. – Ичимлик сув келиши муносабати билан аҳоли орасида саломатлигидан шикоят қилувчилар камайдим.
“Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш” (1-босқич) лойиҳаси доирасида 1-пакет “Қоровулбозор туманида сув таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш” лойиҳаси жорий йилнинг март ойида топширилиши режа қилинган.
Келажакда ҳудуддаги 7900 нафардан ортиқ аҳоли, 3 та мактаб, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та “Ёшлар маркази”, 3 та оилавий шифокорлар пунктининг ичимлик сув таъминоти яхшиланиб аҳоли узлуксиз ичимлик суви билан таъминланади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари