Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос турмуш тарзи, яшаш шароити бўлади. Ҳар бир жиҳоз ёки иншоот ҳам вақт ўтган сари эскиради, талабга жавоб бермай қолади. Шу боис сўнгги вақтларда чекка ҳудудларни ободонлаштириш, аҳолига қулай турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан Оролбўйининг энг чекка ҳудудларидаги аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Тахтакўпир тумани марказидан 35 километр узоқликда жойлашган «Белтаў» овул фуқаролар йиғини ҳам обод масканга айланмоқда.
– Овулдаги 167 та хонадонда 1068 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди овул фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Жумахон Отепова. – Шу кунгача аҳоли ичимлик сувидан қийналиб яшаб келаётган эди. 1988-1994 йилларда қурилган сувни тозалаш ускуналари маънан эскириб талабга жавоб бермайдиган сувдан фойдаланилар эди. Бу эса аҳоли ўртасида турли касалликларни келтириб чиқарарди. Яна бир муаммо бу алоқа масаласи. Айниқса, пандемия даврида бу қатор қийинчиликлар туғдирди.
[gallery-1037]
Бугунги кунда овулда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Дастлаб, ҳудуддаги иккита сувни тозалаш ускунасида реконструкция ишлари олиб борилиб, аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, Ўзмобайл компанияси алоқа воситаларининг ўрнатилганлиги аҳоли, айниқса, ёшларни хурсанд қилди. Энди улар уяли телефон ва интернетдан бемалол фойдаланмоқда.
Тадбиркор Камила Алденова жорий йилдан бошлаб «Шерзод» оилавий корхонасини ташкил этиб, аҳолини нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда. Ишсиз хотин-қизларга Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан тикув машиналари берилиб, улар ёшларга тикувчилик сирларини ўргатмоқда. «Ерасил деҳқон», «Нуртас тахта», «Ойбек Боршитаў» фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳар йили яхши натижаларга эришиб келмоқда. Яқин келажакда ҳудудда фермерларнинг сафи янада кенгаяди. Чунки қишлоқ хўжалиги экинлари ва боғларни, аҳоли томорқа ерларини узлуксиз сув билан таъминлаш, бунга томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш чоралари кўрилмоқда.
Овул аҳолиси ўз вақтида суюлтирилган газ, кўмир билан таъминланиб, мутахассислар томонидан дудбуронлар тозаланиб берилди. Турар жойларнинг ташқи фасадлари, йўллар таъмирланмоқда. Чекка овулдаги ўзгаришлар аҳолининг дилига қувонч, хуш кайфият бағишлаётир. Бу эса давлатимиз раҳбарининг “Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур”, деган фикрларининг амалдаги ифодасидир.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА