"UzMedExpo-2026": тиббиётда замонавий ёндашув ва янги ечимлар
Тиббиёт соҳасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда сифатли ва самарали тиббий воситалардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, антисептик воситалар ва тиббий буюмларга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уларнинг сифатини ошириш ҳамда ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун Тошкентда ўз ишини бошлаган "UzMedExpo-2026" XVIII халқаро тиббиёт кўргазмаси маҳаллий ва хорижий компанияларга тиббиёт соҳасидаги янги маҳсулот ва замонавий технологияларини намойиш этиш, мутахассислар билан тажриба алмашиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун кенг имконият яратмоқда.
Кўргазмада тиббий буюмлар ва антисептик воситалар ишлаб чиқарувчи "Betamax Invest" компанияси ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Компаниянинг медиа менежери Мафтуна Рустамова ушбу тадбир ва корхона фаолияти ҳақида маълумот берди:

–Биз "UzMedExpo" кўргазмасининг доимий иштирокчилариданмиз. Ушбу тадбир тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган ишлаб чиқарувчилар, мутахассислар ва ҳамкорлар учун ўз маҳсулотларини тақдим этиш, тажриба алмашиш ва янги бизнес алоқаларини йўлга қўйишда муҳим майдон ҳисобланади.
Компаниямиз томонидан ишлаб чиқарилаётган асосий маҳсулотлардан бири "Betamax" антисептик воситасидир. У тиббий амалиётда, жумладан, жарроҳлик жараёнларида ва кундалик тиббий ишлов беришда қўллаш учун мўлжалланган.
Шунингдек, корхонамиз "Uzmax" лейкопластирларини ҳам ишлаб чиқаради. Уларнинг асосий афзалликларидан бири намлик таъсирида ҳам ўзининг ёпишқоқлик хусусиятини сақлаб қолишидир. Маҳсулот терига ишончли бирикади ва фойдаланиш жараёнида қулайликни таъминлайди. Шу хусусиятлари туфайли бу лейкопластирлардан тиббий муолажалар, жумладан, жарроҳлик амалиётларидан кейинги парвариш жараёнларида ҳам фойдаланиш мумкин.
Айни пайтда маҳсулотларимиз учун зарур бўлган айрим хомашё турлари Хитойдан импорт қилинади. Шу билан бирга, маҳсулотларни йиғиш, қадоқлаш, ёрлиқлаш ва стерилизация қилиш жараёнлари Ўзбекистонда маҳаллий мутахассислар томонидан амалга оширилади. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнида замонавий технологиялар ва малакали кадрлардан фойдаланишни талаб этади.

Фаолиятимизнинг асосий мақсади аҳоли учун сифатли, самарали ва ҳамёнбоп тиббий маҳсулотларни таклиф этишдан иборат. "Betamax" антисептик воситасидан тиббиёт муассасалари билан бир қаторда, уй шароитида турли жароҳатларга ишлов беришда ҳам фойдаланиш мумкин.
Маҳсулотнинг яна бир хусусияти йодли воситалардан фарқли равишда терида рангли из қолдирмаслигидир. Бу эса уни кундалик тиббий парваришда қўллашда янада қулайлик яратади.
Ҳозирги кунда маҳсулотларимиздан клиникалар, давлат тиббиёт муассасалари ва дорихоналарда фойдаланилмоқда. Келгусида ҳам ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва тиббиёт соҳаси эҳтиёжларига мос, сифатли ҳамда аҳоли учун қулай воситаларни тақдим этишни мақсад қилганмиз.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА