"Узлуксиз касбий таълим" платформасида (onlinedu.uz) онлайн шаклда малака оширувчи тингловчиларнинг сертификат олишлари учун белгиланган кредит баллари мавжуд. Буни мутахассис бўлмаган, педагогикадан узоқ бўлган соҳа вакиллари билмаслиги мумкин.
Мазкур платформада қанча вақтда малака ошириш мумкин? Узлуксиз касбий ривожлантириш тизимига кўра, раҳбар ва педагог ходимлар учун малака ошириш талаблари қандай?
Шу каби саволларимизга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги А.Авлоний номидаги миллий тадқиқот институти Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш илмий бўлими катта илмий ходими Баҳодир Хуррамов жавоб берди.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, "Узлуксиз касбий таълим" платформасида онлайн тарзда йил давомида (365 кун) мутахассислар ўзига қулай вақтда исталган турдаги гаджетлар (мобил телефон, компьютер, ноутбук, планшет) орқали малака ошириши мумкин. Айнан маълум бир вақт оралиғида ўқиши шарт эмас.
Агар педагоглар малака оширишнинг онлайн шаклини танлаган бўлса, мазкур йил учун 365 куннинг исталган қулай вақтида тегишли кредитни (директор, директор ўринбосарлари, кутубхоначилар, мактаб психологлари 30 соат - 15 кредит. Педагог ходимлар 36 соат - 18 кредит) жамлаб, сертификат олиши талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, агар битта модулдаги курс бажарилмаса, тизим сертификат тақдим этмайди. 18 кредит балл — сертификат олиш учун белгиланган энг минимум балл. Бир нечта вариатив курсларни ўқиб, ҳатто 30 кредит баллдан ҳам юқори тўплаш мумкин. Бу педагогларнинг ихтиёрида. Сертификат учун 18 кредит балл тўплаш кифоя.
Шунингдек, педагог 25 кредит балл тўпласа ҳам, бу кредит балл фақат жорий йил учун амал қилади. Кейинги йилга ўтказилмайди.
<iframe width="1920" height="912" src="https://www.youtube.com/embed/hRiXz-tRpHk" title=""Узлуксиз касбий таълим" платформаси орқали кредит балларини тўплаш тартиби қандай?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Барно Мелиқулова, Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА