Узлуксиз иш стажига эга бўлган тиббиёт ходимларига устамалар тўланади
ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТ
Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида низомга мувофиқ тиббиёт ходимларига устамалар бериш шартлари белгиланган.
Хўш, узлуксиз иш стажига эга бўлган тиббиёт ходимларига қанча миқдорда устамалар тўланади? Фан доктори ёки фан номзоди ёхуд фалсафа доктори илмий даражаси бўлган ходимлар ҳам қўшимча ҳақ олишадими? Бу борадаги саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев жавоб берди.
– Бу ҳолатда шифокорларга, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларига, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимининг барча муассасалари фармацевтика ходимларига узлуксиз иш стажига эга бўлганда устамалар тўланади.
Хусусан, узлуксиз иш стажи 5 йилдан 10 йилгача бўлганда тариф ставкасининг 5 фоизи миқдорида, узлуксиз иш стажи 10 йилдан 15 йилгача бўлганда тариф ставкасининг 10 фоизи миқдорида, 15 йилдан 20 йилгача бўлганда тариф ставкасининг 15 фоизи миқдорида, олий маълумотга эга бўлган тиббиёт ҳамширалари учун эса тариф ставкасининг 20 фоизи миқдорида ҳамда 20 йилдан ортиқ бўлганда тариф ставкасининг 20 фоизи миқдорида устамалар белгиланади.
Соғлиқни сақлаш муассасаси ходимларининг алоҳида муассасалар, бўлинмалар ва лавозимларда узлуксиз иш стажи учун устамалар миқдори бундан мустасно.
– Алоҳида муассаса, бўлинма ва лавозимларда узлуксиз иш стажи учун қанча мидордаги устамалар белгиланган?
– Бунда шошилинч тиббий ёрдам хизматининг шифокорларига, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларига, узлуксиз ишланган биринчи уч йил учун ҳамда ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиз миқдорида белгиланади, устаманинг энг кўп миқдори 30 фоизгача.
Поликлиникаларнинг ҳудудий участкалари участка терапевтларига, ўсмирлар шифокорларига, участка педиатрлари ва тиббиёт ҳамшираларига, поликлиникалардаги терапия ва педиатрия бўлимлари мудирларига, оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорларига, умумий амалиёт тиббиёт ҳамшираларига ҳамда бўлимлари мудирларига: узлуксиз ишланган биринчи уч йил учун ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиздан миқдорда тўланади.
Ўлатга қарши муассасаларнинг ва алоҳида хавфли юқумли касалликларга қарши кураш олиб бориш муассасаларининг таркибий бўлинмалари ходимларига узлуксиз ишланган биринчи уч йил учун ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиздан белгиланади.
Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудирининг ўринбосари қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини мувофиқлаштирувчига врачлик лавозимларида узлуксиз ишланган умумий стажнинг биринчи уч йили учун ва ҳар бир кейинги икки йили учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиздан ҳисобланади.
Қишлоқ врачлик пунктларининг умумий амалиёт шифокорларига тариф ставкасига нисбатан 25 фоиз миқдорда махсус ҳар ойлик устама белгиланади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 17 майдаги “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2022 йил 1 июндан бошлаб Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасининг 75 фоиз маблағлари гуруҳидан қатъи назар, барча давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилиши белгиланди.
Бунда ходимларни моддий рағбатлантиришга ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар берилиши лозим.
Янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар тўлаб берилади.
– Қорақалпоғистон Республикасининг чекка туманларига бориб ишлаганлар учун ҳам қўшимча устамалар белгиланадими?
– Ушбу қарор билан белгилаб қўйилдики, 2022 йил 1 июлдан бошлаб вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан, шунингдек, хорижий давлатлардан Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига дастлабки уч йил давомида 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама тўловлари Давлат буджети маблағлари ҳисобидан тўланади.
Бунда мазкур бандда кўрсатилган устамани олиш учун шифокор бошқа ҳудудда камида икки йил ишлаган ҳамда камида иккинчи даражали малака тоифасига эга бўлган бўлиши лозим.
Бундан ташқари, Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 4847-сонли қарорига биноан бир қатор ходимларга устамалар белгиланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ва соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқарув органлари ходимларига 2021 йил 1 июндан бошлаб Давлат буджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда): 1 йилдан 3 йилгача — 0,3, 3 йилдан 5 йилгача — 0,6, 5 йилдан 10 йилгача — 0,8, 10 йилдан 15 йилгача — 1,0, 15 йилдан 20 йилгача — 1,2, 20 йилдан юқори — 1,5.
Бунда кўп йиллик ишлаганлик учун устама олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартиб асосида амалга оширилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА