“UZEX GLOBAL”: Ўзбекистон бизнеси учун халқаро деривативлар бозорига йўл очилди
Тошкентда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ (UZEX) ва Сингапурнинг “Phillip Capital” халқаро инвестиция гуруҳи томонидан ташкил этилган “UZEX GLOBAL” қўшма корхонасининг расмий ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда давлат органлари, маҳаллий биржа ва тижорат банклари, тартибга солувчи ташкилотлар, йирик корхоналар ва ишбилармон доиралар вакиллари, шунингдек, етакчи халқаро дериватив биржалари ва молиявий институтларнинг раҳбарлари ҳамда экспертлари иштирок этди.
Тантанали маросимда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ бошқаруви раиси Асадулла Қаюмов, “Phillip Capital” халқаро инвестиция гуруҳи бошқаруви раиси Лим Хуа Мин, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази директори Олим Жумаев ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва биржа савдосининг ривожланишига юқори баҳо бериб, маҳаллий бизнеснинг жаҳон биржа бозорларига чиқиш ва нархлар ўзгарувчанлиги билан боғлиқ хатарларни бошқаришнинг замонавий воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
[gallery-31501]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 февралдаги “Нархлар ўзгарувчанлиги даврида молиявий хавф-хатарлардан самарали ҳимоя қилишни ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган ушбу корхона фаолияти туфайли юртимиз бизнеси илк бор халқаро товар фьючерслари савдоларида иштирок этиш механизмига эга бўлмоқда.
“UZEX GLOBAL”нинг асосий вазифаси маҳаллий тадбиркорлар, жумладан, ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчилар, экспортчилар ва импортчиларга етакчи халқаро товар деривативлари бозорларига чиқиш ҳамда нарх ўзгарувчанлиги билан боғлиқ хатарларни бошқаришнинг тартибга солинадиган механизмидан фойдаланиш имкониятини таъминлашдан иборат.
“Phillip Capital”нинг халқаро экспертизаси ва UZEXнинг тажрибаси уйғунлиги Ўзбекистонда замонавий биржа ечимлари ҳамда илғор халқаро амалиётларни жорий этиш учун мустаҳкам асос яратмоқда. “UZEX GLOBAL” орқали маҳаллий иштирокчилар илк бор CME Group, ICE, LME, JPX, SGX ва бошқа етакчи халқаро биржаларда мис, буғдой, пахта, нефть, олтин ва бошқа товарларга асосланган фьючерс шартномалари билан савдо қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
“Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ бошқаруви раиси Асадулла Қаюмов қайд этганидек, “UzEx Global” қўшма корхонасининг расмий ишга туширилиши мамлакатда замонавий фьючерс бозорини шакллантиришда муҳим қадам бўлди. Жамиятнинг тараққиёт стратегияси доирасида анъанавий спорт савдолари билан бир қаторда, замонавий биржа инструментлари ва товар деривативларини ривожлантириш стратегик вазифалардан бири сифатида белгиланган. “UzEx Global” платформаси орқали маҳаллий тадбиркорларнинг жаҳон товар деривативлари бозорларида иштирок этиши учун янги имкониятлар яратилади.
– Мазкур лойиҳани амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида замонавий бозор инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда маҳаллий бизнеснинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар замин яратди. Бугунги кунда жаҳон товар бозорларидаги нархлар ўзгарувчанлиги ишлаб чиқарувчи ва экспортчи корхоналар учун турли хатарларни юзага келтирмоқда. Шу боис маҳаллий тадбиркорлар мис, дон, пахта, нефть, олтин ва бошқа товарлар бўйича халқаро фьючерс шартномалари билан савдо қилиш, нарх ўзгариши билан боғлиқ хатарларни бошқариш, харажат ва даромадларни аниқроқ режалаштириш ҳамда молиявий барқарорликни ошириш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, “UzEx Global” халқаро тажрибани Ўзбекистонга олиб кириш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва биржа соҳасида замонавий ёндашувларни жорий этиш учун янги майдон яратади. Лойиҳа доирасида Чикаго товар биржаси, “Intercontinental” биржаси, Нью-Йорк биржаси, Малайзия ва Индонезия биржалари ҳамда бошқа етакчи халқаро биржалар билан ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган. Ушбу йўналишда тўпланган тажриба келгусида Ўзбекистонда миллий фьючерс бозорининг норматив, технологик ва кадрлар базасини шакллантиришга замин яратади, – деди А.Қаюмов.
“UZEX GLOBAL” фаолиятининг асосий йўналишларидан бири товарлар нархи ўзгариши билан боғлиқ хатарларни хеджирлаш механизмларини ривожлантиришдир. Бу корхоналарга нархлар ўзгаришининг молиявий таъсирини камайтириш, молиявий барқарорликни сақлаш ва узоқ муддатли режаларни ишончли амалга оширишга ёрдам беради.
Корхонанинг Ўзбекистонда фаолият юритиши мижозларга профессионал маслаҳат ва операцион кўмак кўрсатиш, маблағларни алоҳида сақлаш ҳамда операциялар шаффофлигини таъминлаш имконини беради. Шунингдек, маҳаллий мутахассисларнинг фьючерс савдоси, хеджирлаш, клиринг ва таваккалчиликларни бошқариш бўйича малакасини оширишга хизмат қилади.
“Phillip Capital” халқаро инвестиция гуруҳи бошқаруви раиси Лим Хуа Миннинг сўзларига кўра, “UzEx Global” Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва “Phillip Capital” ўртасида 50/50 улуш асосида ташкил этилган қўшма корхона бўлиб, жаҳон товар бозорларига транзакцион ва логистик кириш имкониятларини таъминлайди.
– Марказий Осиё тарихи ва унинг жаҳон савдосидаги ўрни билан қизиқиб, кейинги йилларда Грузия, Қозоғистон, Мўғулистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга ташриф буюрдим. Бугун Марказий Осиё минтақаси иқтисодий аҳамияти тобора ортиб бораётган ҳудудлардан бирига айланмоқда. Мамлакатингизнинг ёш аҳолиси ва юқори саводхонлик даражаси жаҳон капитали, технологиялари ва бозорларини бирлаштириш учун катта имконият яратади. Бизнес муваффақиятининг асосий омили ўзаро боғлиқлик ва бозорларга кириш имкониятидир.
“Phillip Capital” 1975 йилда Сингапурда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 17 мамлакатда фонд брокерлиги, капитал бозорлари, активларни бошқариш, хусусий инвестициялар, суғурта ва банк соҳаларида фаолият юритади. Компания бошқарувидаги мижозлар активлари ҳажми қарийб 95 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Биз “Phillip Capital”да қисқа муддатли операциялардан кўра узоқ муддатли ҳамкорликка устувор аҳамият берамиз. Ўзбекистондаги қўшма корхонамиз натижасида янги Ипак йўлининг ривожланиши ва Евроосиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш жараёнида иштирок этишни истаймиз. Бугун “UzEx Global” қўшма корхонасининг ишга туширилиши ана шу мақсад сари муҳим қадамдир, – деди у.
Таъкидлаш керакки, “UZEX GLOBAL”нинг ташкил этилиши Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан замонавий биржа савдоси инструментларини босқичма-босқич жорий этиш ва фьючерс савдосини ривожлантириш стратегиясининг муҳим қисмидир.
Насиба Зиёдуллаева,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА