“UzChess Cup 2026”: Нодирбек Абдусатторов бугун Муҳиддин Мадаминовни имтиҳондан ўтказади
Пойтахтимизда жаҳон шахмат ишқибозлари ва мутахассислари эътиборида бўлган “UzChess Cup 2026” халқаро турнири "Masters" гуруҳидаги 6-тур ўйинлари ортда қолди.
Кеча "Masters" гуруҳида Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда Нодирбек Ёқуббоев билан, Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Нейманн Ханс Моке билан муроса йўлини танлаган вазиятда маҳоратли шахматчимиз Муҳиддин Мадаминов оқ доналарда ҳиндистонлик Видит Сантошни мағлубиятга учратди.

Ушбу турда россиялик Ян Непомняший оқ доналарда Ҳиндистон вакили Аржун Эригаисидан устунликка эришган бўлса, грециялик Николас Теодору қора доналарда ҳаракатланган озарбайжонлик Шахриёр Мамедяровга ютқазиб қўйди.
Бугун, 13 июнь куни халқаро турнирнинг 7-турида Шамсиддин Воҳидов қора доналарда Шахриёр Мамедяровга қарши дона сурса, Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда Муҳиддин Мадаминовни имтиҳондан ўтказади.

Шунингдек, ушбу турда Нодирбек Ёқуббоев-Ян Непомняший, Видит Сантош-Николас Теодору, Аржун Эригаиси- Нейманн Ханс Моке ўртасидаги ўйинлар бўлиб ўтади.
7-тур ўйинлари остонасида Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов 4 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Нодирбек Абдусатторов 3,5 очко билан 3-ўринни банд этиб турибди.
Халқаро турнирнинг “Challengers” гуруҳида 6 та турдан сўнг 5 очко жамғарган озарбайжонлик Муҳаммад Мурадли турнир жадвалини бошқармоқда. “Futures” гуруҳида терма жамоамиз аъзоси Ҳумоюн Бекмуратов ва қозоғистонлик Ринат Жумабаев 4,5 очко билан етакчилик қилмоқда.

“Open” гуруҳида эса 141 нафар шахматчи орасида ўзбекистонлик Саидамин Омонов 5,5 очко билан ғолибликка асосий даъвогарга айланган. Уни таъқиб этаётган 10 нафар иштирокчи ҳисобида 5 очко мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, умумий мукофот жамғармаси 121 минг 500 АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг “Masters” гуруҳида ғолибликка эришган шахматчи 20 минг АҚШ долларини қўлга киритади.
Ушбу гуруҳда иштирок этган барча шахматчиларга белгиланган пул мукофотлари тақдим этилса, “Challengers” гуруҳи ғолиби 6 минг, “Futures” гуруҳи ғолиби 4 минг ҳамда “Open” гуруҳида шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилган шахматчи 2 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
9 та турдан иборат халқаро турнир мусобақалари 15 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА