Тошкент шаҳрида иккинчи бор ташкил этилаётган нуфузли "UzChess Cup–2025" турнири шахмат ихлосмандлари орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Мусобақанинг онлайн транслациясини кузатаётган минглаб томошабинлар ушбу турнирга бўлган эътибор юқори даражада эканлигини кўрсатмоқда.

Жами 121 минг 500 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот жамғармасига эга бўлган турнирнинг "Masters" гуруҳидаги 2-тур баҳсларида қуйидаги жуфтликлар майдонга чиқди: Ҳиндистон вакили Праггнанандхаа — Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдоров — Нодирбек Абдусатторов ҳамда Эригайси — Магсудлу. Шулар орасида Праггнанандхаа юртимиз шахматчиси Воҳидовни мағлубиятга учратган бўлса, қолган икки ўйинда дуранг натижалар қайд этилди.

"Challengers" гуруҳида эса 2-турнинг марказий баҳсларидан бирида озарбайжонлик Нижат Абасов АҚШ шарафини ҳимоя қилиб келган, ҳозирда эса Ўзбекистон аёллар терма жамоаси вакили бўлган Гулруҳбегим Тоҳиржоновани мағлуб этди. Украиналик ветеран Вассилий Иванчук билан Абдумалик Муҳиддинов ўртасидаги ўйин дуранг билан якунланди.

"Futures" гуруҳида 1-турда ғалаба қозониб, пешқадамликни қўлга киритган туркманистонлик Сапармурат Атабаев навбатдаги турда даниялик Борис Чаталбашевни қора доналарда енгиб, очколарини 2 тага етказди ва етакчилигини мустаҳкамлади. Шу гуруҳдаги бошқа ўйинларда Саидакбар Сайдалиев ва Абдималик Абдисалимов ўртасидаги баҳсда дуранг қайд этилди. Ортиқ Негматов оқ доналарда ғалабага эришган бўлса, Ҳумоюн Бекмуродов эса исроиллик Евгений Алексеэвга ютқазди.

Бугун, 22 июнь куни бўлиб ўтадиган 3-тур беллашувларида қуйидаги марказий учрашувлар кутилмоқда:
"Masters" гуруҳи: Шамсиддин Воҳидов – Жавоҳир Синдоров, Ян Непомнящий – Аржун Эригайси;
"Challengers" гуруҳи: Гулруҳбегим Тоҳиржонова – Вассилий Иванчук;
"Futures" гуруҳи: Сапармурат Атабаев – Ортиқ Негматов, Ҳумоюн Бекмуродов – Саидакбар Сайдалиев.
Ҳозирча мусобақанинг ҳар учала гуруҳида ҳам 2 очкодан тўплаган иштирокчилар пешқадамлик қилмоқда: "Masters"да — Жавоҳир Синдоров, "Challengers"да — грециялик Николас Теодору, "Futures"да — Сапармурат Атабаев.
Эслатиб ўтамиз, 9 турдан иборат "UzChess Cup–2025" мусобақалари 27 июнь куни якунланади.
Т.Рўзиев, ЎзА