“Uzbekistan Coatings Show”: 70 дан ортиқ компания ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда
Бугун Тошкент шаҳрида лак-бўёқ материаллари ва қопламалар саноатига бағишланган “Uzbekistan Coatings Show” халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Халқаро кўргазмада 10 та мамлакатдан 70 дан ортиқ компания иштирок этиб, лак-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур хомашё, замонавий ускуналар, технологик ечимлар ҳамда янги маҳсулотларини тақдим этяпти. Тадбир давомида 3000 га яқин ташриф буюрувчиларга соҳадаги сўнгги ишланмалар билан танишиш имконияти яратилган.

Кўргазмада маҳаллий ва хорижий компаниялар, ишлаб чиқарувчилар ҳамда тадбиркорлар иштирок этмоқда. Улар ўртасидаги мулоқотларда лак-бўёқ саноатида замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ва жамият мутахассислари ҳам иштирок этиб, кўргазма экспозициялари билан танишди. Компаниялар ва ишлаб чиқарувчилар вакиллари билан ўтказилган учрашувларда соҳадаги технологик янгиликлар, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Жамият ахборот хизмати маълумотига кўра, кўргазма дастуридан бизнес-конференциялар, панель сессиялари, маҳорат дарслари ҳамда B2B учрашувлар ҳам ўрин олган. Уларда лак-бўёқ саноатининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, маҳсулот сифатини ошириш ҳамда янги бизнес алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Uzbekistan Coatings Show" халқаро кўргазмаси эртага ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА