Айни пайтда компания вакиллари Routes Europe 2025 халқаро авиация форумида иштирок этмоқда. Бу иштирок компания учун Ўзбекистон аэропортларини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
"Uzbekistan Airports" АЖнинг асосий устувор йўналишларидан бири — мамлакат аэропортларини жаҳонда танитиш, йўловчи оқимини ошириш, йўналишлар сонини кўпайтириш ва хорижий авиакомпаниялар ҳамда йўловчилар учун уларни янада жозибадор қилишдир. Ҳозирда рейслар жадвалини оптималлаштириш, хизмат сифати ва даражасини ошириш, рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек логистика жараёнларини такомиллаштириш устида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Халқаро йўналишлар тармоғини кенгайтириш мақсадида янги рейсларни илгари суриш, фаол реклама кампанияларини ўтказиш каби замонавий маркетинг воситалари кенг қўлланилмоқда.
Шунингдек, транзит салоҳиятни ривожлантириш орқали мамлакатнинг авиация географиясини кенгайтириш ва Ўзбекистон аэропортлари орқали қулай транзит тизимини яратиш устувор йўналишлардан биридир. Компаниянинг стратегик мақсадларидан бири – Европа, Осиё ва Яқин Шарқ ўртасида рақобатбардош ҳамда қулай ҳаво "хаб"ини шакллантиришдир.
Маълумот учун: "Uzbekistan Airports" АЖ 2024 йилни барча кўрсаткичлар бўйича ижобий натижалар билан якунлади. Ўтган йилда мамлакат халқаро аэропортларида жами 113 минг 622 та рейсга хизмат кўрсатилди. Шундан 80 минг 213 таси халқаро, 33 минг 409 таси ички йўналишларда амалга оширилган. Хорижий авиакомпаниялар томонидан эса 39 минг 653 та рейс бажарилиб, 4 млн 767 минг 203 нафар йўловчига хизмат кўрсатилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА