19 август куни Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Махсус комиссияси «UzAuto Motors» АЖ машина нархларини асоссиз оширган, деб топган эди. «UzAuto Motors» бу қарор устидан судга шикоят қилди ва Тошкент шаҳар маъмурий судининг 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан унинг даъвоси қаноатлантирилди ҳамда Махсус комиссия қарори ҳақиқий эмас деб топилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу суд қарори устидан апелляция инстанциясига шикоят қилди ва 11 декабрь кунидан ушбу суд жараёнлари бошланди.
Бугун, 11 декабрь куни Тошкент шаҳар маъмурий ишлар бўйича судида мазкур иш юзасидан суд жараёнлари бошланди.
«UzAuto Motors» АЖ ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасида бўлган суд жараёнлари, баҳс-мунозаралардан хабарингиз бор.
«UzAuto Motors» акциядорлик жамияти қўмитанинг 2020 йил 19 августдаги қарорини бекор қилиш юзасидан судга мурожаат қилган эди. Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи «UzAuto Motors» АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилган ҳамда Махсус комиссиясининг қарорини ҳақиқий эмас деб топганди.
Кейинчалик Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур қарор устидан апелляция шикояти берди. Қўмита биринчи инстанция суди қарор қабул қилишда барча далилларни инобатга олмаган, шу сабабли асоссиз қарор чиқарган, деб ҳисоблайди.
ЎзА мухбирлари бугун бошланган суд жараёнларида иштирок этмоқда ва тўлиқ ёритиб боради.
[gallery-380]
Материални видеошаклда тез орада uza.uz сайтида кўришингиз мумкин.
Барно МЕЛИҚУЛОВА, Ёқуб МЕЛИБОЕВ,
ЎзА