Эскирган, фойдаланиш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уй-жойларни қайта қуриш – реновация қилиш орқали шаҳар ва маҳаллаларни ободонлаштириш, инфратузилма объектларини замонавийлаштириш, ҳудудларни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш, эски бино-иншоотларни янгилаш, қулай ва энергия самарадор ҳолатга келтириш шаҳарсозликнинг муҳим жиҳатларидандир. Бу борадаги ишларни амалга ошириш учун эса зарур ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш лозим.
Шу мақсадда “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасидаги фракцияларнинг йиғилишларида биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Хусусан, Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида ушбу лойиҳа партия Сайловолди дастуридан ўрин олган вазифалардан бири эканлиги алоҳида урғуланди.
Ташаббускорларнинг маълум қилишича, мазкур қонун лойиҳасининг мақсади шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳудудни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш каби шаҳарсозлик реновацияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан реновациянинг мажбурий шартлари, асосий принциплари, реновация босқичлари, бу борада лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби, соҳада давлат бошқаруви асослари белгиланмоқда.

Қайд этилганидек, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган, эскирган кўп қаватли уй-жойларнинг ўрнига янгиларини қуриш орқали ҳудудлар обод бўлади, кўркамлашади. Аммо реновация дастури лойиҳаси реновацияга тушадиган уй-жой мулкдорларининг розилигига асосланиши ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилиши, шунингдек, уйи реновацияга тушган фуқароларни янги уй қурилгунгача уй билан таъминлаш ёки ижарада турса, ижара харажатларини қоплаб бериш лозим бўлади.
Халқ вакилларининг бу борадаги саволларига масъуллар қонун лойиҳаси билан уйи реновацияга тушган мулкдорларга бир қатор кафолатлар берилишини, турар ва нотурар жой мулкдорларига адолатли компенсация бериш тизими назарда тутилаётганини маълум қилди.

Яъни, фуқаролар яшаб турган кўп квартирали уй реновацияга тушганда, қурувчи икки йил муддат ичида янги уйни қуриши, ўша уйдан фуқароларга эски уйининг ҳажмидан кам бўлмаган ва тайёр таъмирланган хонадонни пастки қаватдан бериш мажбуриятини олади. Бундан ташқари, қурувчи янги уй қурилгунча ижарада яшаб турган аҳоли вакилларининг ижара пулини ҳам қоплаб беради. Ёхуд турар ва нотурар жой объектларининг бозор қийматида пул маблағлари берилиши белгиланмоқда.
Реновация қурилиш муддати 2 йил этиб белгиланмоқда. Агар қурувчи 2 йилда қуриб улгурмаса, кечиккан ҳар бир кун учун мулкдорларга мулк қийматининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлаши ўз аксини топмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА