«Уйғониш» – истеъдодларга қанот берган танлов
Ёш қалбларда адабиётга муҳаббат, эзгулик ва яратувчанлик туйғуларини уйғотган ижодий беллашувнинг Республика босқичи якунланди.
Инсон қалбидаги энг гўзал туйғулардан бири – уйғониш. Бу фақат тонгнинг ёриши, янги куннинг бошланиши эмас. Бу инсоннинг ўзини англаши, атрофидаги оламга бошқача нигоҳ билан қараши, қалбидаги орзу-интилишларини кашф этиши демак. Айниқса, ёшликдаги фикр ва тафаккур уйғониши инсоннинг бутун ҳаётига йўл очади.
Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ҳамкорлигида ёшлар ўртасида ташкил этилган «Уйғониш» танловининг Республика босқичи ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур танлов ёшларнинг қалбидаги истеъдодни юзага чиқариш, уларни китобхонликка, бадиий тафаккурга, миллий адабиётимиз ва маънавий қадриятларимизга яқинлаштиришга қаратилган муҳим ташаббус сифатида аҳамият касб этди.
Бугун ёшлар ҳаётида ахборот оқими, замонавий технологиялар ва турли қизиқишлар тобора кенгайиб бормоқда. Бундай шароитда уларнинг қалбида китобга муҳаббат, сўзга эҳтиром, мустақил фикрлаш ва ижодий изланишга интилишни кучайтириш алоҳида аҳамиятга эга.
Зеро, китоб ўқиган ёшнинг дунёқараши кенгаяди, фикри теранлашади, мақсадлари ойдинлашади. Бадиий адабиёт эса инсонни нафақат ўйлаш, балки ҳис қилиш, бошқаларнинг дардини англаш, ҳаётга бефарқ бўлмасликка ўргатади.

«Уйғониш» танловининг замирида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам. Унда иштирок этган ёшлар ўз билим ва салоҳиятини намоён этиш, ижодий қобилиятини синаб кўриш, адабиётга бўлган муносабатини ифода этиш имкониятига эга бўлди.
– Бу каби ижодий лойиҳалар давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида ўтказилмоқда, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, устоз шоира Фарида Афрўз. – Танловга топширилган ижодий ишлар ҳакамлар томонидан синчковлик билан ўрганилди. Инсон уйғонсагина ўзини англайди, ўзини танийди.

Танловнинг Республика босқичига етиб келган иштирокчиларнинг ҳар бири учун бу жараён ўзига хос ҳаётий мактаб бўлди. Зеро, ижод йўлига қадам қўйган инсон учун энг муҳими – ўз фикрини эркин ифода этиш, изланишдан тўхтамаслик ва ўз устида ишлашдир.
«Уйғониш» танлови ана шу жиҳатлари билан ҳам аҳамиятли. У ёшларга ўз сўзини айтиш, ижодий имкониятларини синаб кўриш ва адабиёт оламида ўз ўрнини топиш сари дадил қадам ташлаш имконини берди.
Танловнинг Республика босқичида иштирокчиларнинг меҳнати, интилиши ва ижодий изланишларига муносиб баҳо берилди. Албатта, бундай беллашувларда ғолиблик муҳим. Аммо ундан ҳам муҳимроғи – инсоннинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаши, янги мақсадлар сари интилиши ва ўз истеъдодига масъулият билан қараши.

Тадбирнинг энг ҳаяжонли ва қувончли лаҳзалари, шубҳасиз, ғолибларни тақдирлаш маросимида намоён бўлди. Ғолибларнинг юзидаги қувонч, уларни қўллаб-қувватлаган яқинларининг мамнунлиги, устозлар ва ташкилотчиларнинг самимий эътирофи байрамона муҳитга ўзгача файз бағишлади.

Ҳар бир мукофот ортида меҳнат, изланиш, сабр ва ишонч мужассам. Бугун ғолиблик шодлигини ҳис этаётган ёшлар учун бу натижа янги ижодий марралар сари йўл очиши шубҳасиз. Зеро, ҳақиқий ижодкор учун ҳар бир эришилган ютуқ кейинги изланишларга туртки бўлади.
Назокат Усмонова,
Аҳмаджон Эргашев (сурат),
ЎзА