Уйчида минглаб ёшларни қамраб олган футбол баҳслари бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Наманган вилояти Уйчи туманида ўтказилаётган “Ёшлар куни” тадбирлари 2026 йилги “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги” учун ташкил этилган мусобақалар билан узвий давом этди.
Мазкур мусобақалар доирасида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўсмирлар ва ёшлар, шунингдек, қизлар ўртасида футбол ва мини футбол баҳсларига старт берилди. Унда тумандаги 53 та маҳалладан 4 мингдан ортиқ ёш қамраб олиниши режалаштирилган.
[gallery-28727]
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси раҳбарияти, масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда спортни оммалаштириш, ёшларни жисмонан бақувват ва маънан етук этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, иштирокчи жамоаларга муваффақиятлар тиладилар.
Дастлабки учрашувда “Тошлоқ” ва “Жийдакапа” маҳаллалари жамоалари ўзаро баҳс олиб борди.
Спорт мусобақалари ёшлар учун нафақат беллашув майдони, балки дўстлик, бирдамлик ва ғалаба сари интилиш тимсолига айланмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА