Уйчида маҳалла тизимини қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир қадам
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
8 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган мазкур маҳалла еттилиги шу вақтгача ўз биносига эга эмас эди. Маҳалла ҳудудидан икки сотих ер майдони ажратилиб, янги бино қурилиши учун 250 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, ҳомийлик маблағлари ҳам жалб қилинди. Натижада барча замонавий шарт-шароитларга эга янги бино барпо этилди.
– Шу кунгача маҳалламизнинг ўз биноси бўлмагани боис икки хонада фаолият юритар эдик, - дейди “Обод” МФЙ раиси Ғиёсиддин Сайдуллаев. – Бу иш самарадорлигига муайян таъсир кўрсатарди. Бугун фойдаланишга топширилган замонавий ва барча қулайликларга эга бино нафақат ходимлар, балки маҳалла аҳли учун ҳам катта туҳфа бўлди.
[gallery-29714]
Тантанали маросимда туман ҳокими Музаффар Абдуллаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Маруфжон Раҳмонов, нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, йиғилганларни қутлади.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, маҳалла еттилиги учун яратилган шарт-шароитлар билан танишилди.
Тадбир доирасида истеъдодли ёшлар иштирокида бадиий чиқишлар ва спорт мусобақалари ташкил этилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА