Уйчида энергия сақлаш станцияси ишга тушди
Наманган вилоятининг Уйчи туманида замонавий энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 100 МВт/200 МВт·соат қувватга эга энергия сақлаш электр станцияси (“EPC”) фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа эгаси “Energy China Namangan Kizil-Ravot battery energy storage system fe” масъулияти чекланган жамияти бўлиб, умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Станцияни бунёд этишда Хитой Халқ Республикасининг “Huawei” бренди литий-темир-фосфат (“LFP”) технологиясига асосланган электрокимёвий энергия сақлаш батареяларидан фойдаланилди. Объектнинг умумий ўрнатилган қуввати 100 МВт, энергия сақлаш сиғими эса 200 МВт·соатни ташкил этади.

Лойиҳа тўлиқ қувватда ишга тушгач, мамлакатимиз электр тармоғига йилига тахминан 580 миллион кВт·соат электр энергияси етказиб бериш имконияти яратилиши кўзда тутилган.
Станция тақдимот маросимида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов бошчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Мазкур лойиҳанинг афзаллиги шундаки, электр энергиясига талаб паст бўлган вақтда – тармоқда ортиқча электр энергияси мавжуд бўлганда, батарея тизими электр энергиясини қабул қилиб, захира сифатида сақлайди.

Талаб кескин ошган вақтда аҳоли ва корхоналар истеъмоли кўпайиб, тармоқда юклама ортганда, тизимда сақланган электр энергияси тармоққа қайта узатилади.

Бу эса ўз навбатида, электр тармоғидаги юкламани мувозанатлаштириш, кучланиш пасайишининг олдини олишга кўмаклашиш, юқори талаб даврида электр таъминоти барқарорлигини ошириш, ортиқча электр энергиясини сақлаб, зарур вақтда ундан самарали фойдаланиш имконини беради.

Мазкур лойиҳа ҳудуднинг энергетик салоҳиятини ошириш, электр тармоғининг барқарорлигини таъминлаш ва замонавий технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.