Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилигини ўрганди.
Тадқиқот натижаларига кўра, пойтахтда кўп қаватли уй-жойга инвестиция қилишдан тушадиган даромад пасаймоқда. 2024 йил февраль ойида инвестициянинг ўртача даромадлилиги 32,4 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил январь ойида бу кўрсаткич 7,6 фоизга тушган.
Кўпқаватли уй-жойлардан келадиган даромад ҳудуд ва хонадонлар сонига қараб фарқ қилган. Масалан, 1 хонали уйлар бўйича Миробод туманида даромад -1,7 фоизни (февралда 53,0 фоиз), Бектемир туманида эса 54,3 фоизни (46,8 фоиз) ташкил этган. 2 хонали уйлардан Учтепа туманида 2,6 фоиз (27,0 фоиз), Яккасаройда 15,1 фоиз (24,2 фоиз) фойда қайд этилган. 3 хонали уйлар учун Бектемирда 5,5 фоиз (33,7 фоиз), Яккасаройда 10,4 фоиз (22,8 фоиз), 4 хонали уйларда эса Бектемирда 7,3 фоиз (37,9 фоиз), Чилонзорда 16,5 фоиз (19,8 фоиз) бўлган.
Жорий йил январь ойида уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган ўртача даромад Миробод туманида 10 фоиз (февралда 10,4 фоиз), Мирзо Улуғбек туманида 9,9 фоиз (10,6 фоиз), Шайхонтоҳур туманида 9,8 фоизни (11,6 фоиз) ташкил этган. Ижара нархлари нисбатан арзонроқ бўлган Олмазор, Учтепа ва Сергели туманларида бу кўрсаткич 8,9 фоиз атрофида бўлган.
2024 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб уй-жойга инвестиция киритишдан олинадиган даромад жисмоний шахслар учун миллий валютадаги банк депозитларидан олинадиган фоиздан камайган. Миллий валютадаги депозитлар бўйича ўртача фоиз 21-22 фоиз атрофида, чет эл валютасида эса 5 фоизни ташкил этган.
Қисқа муддатда уй-жойга инвестиция киритиш аҳолининг молиявий барқарорлигига ҳисса қўшиши мумкин. Бироқ узоқ муддатли ривожланиш учун капитал бозорини ривожлантириш ва аҳолига диверсификацияланган инвестиция имкониятларини яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА