Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат хизматлари агентлиги томонидан брифинг ўтказилди.
Унда агентлик ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова тизимга оид аҳолини энг кўп қизиқтираётган қуйидаги саволларга жавоб берди:
– Уй-жойга муҳтожман, субсидия олиш бўйича ариза билан Давлат хизматлари марказига борсам, аризалар қабули тўхтатилганини айтди. Нима учун?
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, ҳар йили давлат бюджетидан шаҳар ва қишлоқ жойларида қурилган кўп қаватли уйлар (бирламчи бозор)дан сотиб олишда ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида ажратиладиган субсидиялар тегишли молия йили учун тасдиқланган параметрлар доирасида амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур параметрлар белгилангач, «Ипотека» кредитига давлат субсидиясини олишга ЯИДХП (my.gov.uz) ҳамда Давлат хизматлари марказлари орқали ариза бериш мумкин бўлади. Аризалар қабул қилиниши бошланиши ҳақида қўшимча маълумот берилади.
– Уй-жой учун субсидия олмоқчиман. Бунинг учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?
- Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарорига асосан, 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (фуқаро меҳнат мигранти бўлганда унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин) уй-жой сотиб олишда бошланғич бадал ёки кредит фоизининг бир қисмини қоплаш бўйича субсидиялар олиш юзасидан жорий йилнинг 1 мартидан 1 октябрига қадар Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ариза беришлари мумкин.
Унда қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:
– жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;
– оила аъзоларининг шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва вояга етган фарзанди(лари) бўлганда) ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари (агар вояга етмаган бўлса) нусхаси;
– никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас, деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолларда) ва оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда);
– турар-жойининг кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар;
– турар-жойи уй дафтарининг ёки квартира карточкасининг (17-шакл бўйича) нусхалари;
– ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома.
Брифингда Давлат хизматлари агентлиги фаолиятига доир шу каби бошқа саволларга ҳам атрофлича жавоб берилди.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА