Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги жорий йилда уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартибига киритилаётган асосий ўзгартиришлар ҳақида хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга олинган фуқаро субсидия асосида Тошкент вилоятида қурилган уй-жойларни ҳам сотиб олишига рухсат берилади. Бунинг натижасида, Тошкент шаҳрида уй-жойга бўлган 8 мингдан ортиқ талаб нисбатан қисқартирилади.
Аризачиларни оилавий даромад (турмуш ўртоғи ва турмуш қурмаган фарзандлари) тартибида баҳолаш жорий этилади. Натижада, субсидия даромади юқори бўлмаган оилаларга манзилли етиб бориши таъминланади.
Субсидия талабгорини баҳолаш комиссияси таркибидан ички ишлар бўлимлари ва тижорат банклари чиқариб ташланди. Натижада эса, аризаларни кўриб чиқиш муддатини 5 кунга қисқартиришга имкон яратилади.
Фуқароларни ижтимоий меъзонларга асосан баҳолаш ва уларни ипотека кредити бўйича тўлов қобилиятини аниқлаш мустақил равишда олиб борилади. Натижада, ижобий хабарнома олган фуқароларга ипотека кредити миқдорини кафил қўшиш орқали мустақил белгилаш имкони яратилади.
Бундан ташқари, ҳудудий комиссия йиғилишлари электрон тарзда амалга оширилади. Натижада, хулосаларни умумлаштириб комиссия йиғилишини ўтказиш ва аризачига тақдим этиш муддати 8 кунга қисқартирилади.
Яна бир маълумот, аризачиларни баҳолаш дастурий таъминоти автоматлаштирилади ва электрон базалари ўзаро интеграция қилинади. Бу билан, ҳужжатни кўриб чиқишда йил якунига қадар инсон омили қисқартирилади.
Субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида субсидияларни туман(шаҳар) кесимида қайта тақсимлаш амалиёти тугатилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, унда талабгорлар субсидия асосида уй-жойни доимий рўйхатдан ўтган ҳудуди доирасида исталган туман/ шаҳардан олиши мумкин бўлади.
Ариза фақатгина фуқаролик паспорти маълумотларини(ЖШШИР) киритиш орқали топширилади.
Бу орқали, ўзгартиришлар натижасида кўриб чиқишнинг умумий муддатини ўртача 7 иш кунигача қисқартиришга эришилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА