Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида бўлиб, тизимда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Дастлаб вазир Балиқчи туманидаги Маллачек ва Янги ҳаёт маҳаллаларида “Тараққиёт” ННТ томонидан давлат ижтимоий буюртмаси асосида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа доирасидаги қурилиш ишларини кўздан кечирди.
Аҳоли вакиллари билан суҳбатда бўлиб, олиб борилаётган ишлар юзасидан уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитди. Мутасадди ва мутахассисларга белгиланган ишларни ўз муддатида ва сифатли якунлаш бўйича тавсия ва топшириқлар берилди.
Умуман, мазкур лойиҳа амалга оширилиши билан туманнинг Маллачек ва Янги ҳаёт маҳаллаларида истиқомат қилувчи 6 минг нафарга яқин аҳоли илк бор ичимлик суви билан таьминланади.
Шундан сўнг Шерзод Ҳидоятов Асака туманида ташкил этилган "Коммунал Сервис Асака" бошқарув ташкилоти фаолияти билан танишди.
Мазкур бошқарув ташкилоти Асака туманидаги Қадрият, Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 72 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Бошқарув ташкилоти фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, соҳага замонавий технологиялар ва илғор иш услубларини жорий этган ҳолда ҳудуддаги 6 минг 700 нафарга яқин аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.
Вазир тумандаги аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифати ҳамда кўп қаватли уйларда амалга оширилган ишларга, айниқса, Амир Темур маҳалласидаги 4 та уйга янги ичимлик суви тармоғи тортилиб, 3 та уйнинг ертўла қисмидаги ичимлик ва оқова сув тармоқлари янгиланганлигига ижобий баҳо берди.
Кейинги йилларда бошқарув сервис компанияларига берилаётган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланиш, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Вазир Андижон шаҳридаги Ёйилма ҳамда Соғлом авлод маҳаллаларидаги кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатаётган «Шинам маҳалла» бошқарув компанияси фаолияти мисолида маҳаллани ободонлаштириш, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар, янги лойиҳалар билан танишди.
Эндиликда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи ана шундай бошқарув компанияларини тузиш мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.
[gallery-6126]
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА