Устюртда геология-қидирув ишларининг навбатдаги босқичи белгиланди
Тошкент шаҳрида Қорақалпоғистон Республикасининг Устюрт минтақасидаги инвестиция блоклари бўйича Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида Бошқарув қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Унда Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, тегишли вазирлик ва идоралар, Озарбайжоннинг “SOCAR” компанияси ҳамда “BP” халқаро компанияси вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда битим доирасида 2025 йил ва 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, шунингдек, геология-қидирув ишларининг кейинги босқичларига оид режалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, “Бойтерак”, “Теренгқудуқ”, “Бирқори”, “Харой”, “Қорақалпоқ” ва “Қулбой” инвестиция блокларини қамраб олган ҳудудда 3D дала сейсмик-қидирув ишлари тўлиқ якунланган.
Олинган сейсмик маълумотлар Устюрт минтақасидаги истиқболли нефть ва газ объектларининг геологик тузилиши ва углеводород салоҳиятини янада чуқур ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Келгуси даврда олинган сейсмик маълумотларни махсус қайта ишлаш ва геологик таҳлил қилиш ишларига киришилади. Шу билан бирга, навбатдаги муҳим вазифа сифатида қидирув қудуғини бурғилаш ишларига тайёргарлик кўриш назарда тутилган.
Муҳокамалар якунида томонлар Устюрт минтақасининг углеводород ресурсларини ўрганиш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди. Бунда ҳудуднинг нефть-газ салоҳиятини чуқур баҳолаш, истиқболли объектларни аниқлаш ва лойиҳа доирасида белгиланган ишларни жадаллаштиришга устувор аҳамият қаратилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА