Устозларга эҳтиром кўрсатилди
Бухорода оммавий ахборот воситалари соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, мамлакат матбуоти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фахрий журналистларга бағишланган “Эҳтиром ва эътироф 70+” номли тантанали тадбир бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг вилоят бўлими ташаббуси билан Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда умрининг салмоқли қисмини журналистика соҳасига бағишлаган, 70 ёшдан ошган 12 нафар устоз журналист бир даврада жам бўлди. Бу учрашув нафақат устозларнинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлаш, балки ёш авлод учун уларнинг бой тажрибасидан баҳраманд бўлиш имкониятини яратгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Тантанали маросимда Бухоро ОАВ соҳасида узоқ йиллар фидокорона меҳнат қилган устоз журналистлар Шавкат Асадов, Иззатулло Ҳожиев, Хадича Рамазонова, Зуҳра Қурбонова, Сулаймон Шодиев, Комил Жўраев, Мухтор Абдуллаев, Олия Остонова, Светлана Аҳмедова, Олима Мирзаева, Сора Тошева ва Асхор Истамовлар мусиқа садолари остида саҳнага таклиф этилди. Уларнинг ҳар бири ўз фаолияти давомида вилоят матбуоти ривожига салмоқли ҳисса қўшган, кўплаб шогирдлар тайёрлаган ва ўз мактабини яратган фидойи қаламкашлар ҳисобланади.
Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг фахрий журналистларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Табрикда устоз журналистларнинг кўп йиллик меҳнати, журналистика соҳасидаги хизматлари ва жамият маънавий ҳаётидаги ўрни алоҳида эътироф этилди.
Сўзга чиққанлар устозларни муборак ёшлари билан самимий қутлаб, уларнинг сермазмун ва ибратли ҳаёт йўлига алоҳида тўхталиб ўтишди. Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимизга тезкор ва холис етказиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва тарғиб қилишда бугунги журналистлар, айниқса, ёшлар устозлардан ибрат олиши, уларнинг иш услуби ва касбга садоқатини ўрганиши муҳим аҳамият касб этади.
Юртимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари, босма нашрлар сафида Бухоро вилояти телерадиокомпанияси, шунингдек, бир асрдан ортиқ тарихга эга “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари ҳам миллий ғоялар ва қадриятларни кенг тарғиб этишда, жамиятда фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлашда муносиб ўрин тутиб келмоқда. Айниқса, ёш авлод қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантиришда ушбу нашрлар ва медиа ташкилотларининг хизмати салмоқлидир.
[gallery-28172]
Глобаллашув шароитида холис ва ишончли ахборот етказиш, жамиятда соғлом ахборот муҳитини шакллантириш вазифаси янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада устоз журналистларнинг тажрибаси, касбга садоқати ва масъулиятли ёндашуви ёш қаламкашлар учун ҳақиқий ибрат мактабидир.
Эҳтиром ва эътирофга сазовор бўлган нуроний журналистлар ўзларининг қизиқарли ва саргузаштларга бой меҳнат фаолияти ҳақида ёшлар билан хотираларини ўртоқлашди. Ташкилотчиларга шундай эътибор ва ғамхўрлик учун самимий миннатдорлик изҳор этишди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари