Устоз ҳурмати
1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни
Устозларнинг биз учун қилган меҳнатлари беҳисоб ва беқиёсдир. Бу ҳақда кўплаб мақоллар тўқилган, шеъру достонлар ёзилган, ривоятлар айтилган.
Масалан, бир мақолда “Устоз отангдан улуғ” дейилади. Бу ерда албатта гап устознинг отадан улуғлигига эмас, устознинг инсон ҳаётида тутган ўрни нақадар катта эканлигига ишора қилинган. Яна бир ривоятда айтилишича, Ҳазрат Алишер Навоий султон Ҳусайн Бойқора билан отда сайр қилиб юрганларида, уларнинг олдиларидан бир ёш бола чиқиб қолади. Шунда улуғ шоир отдан тушиб, бола билан сўрашади. Ҳайрон бўлган подшо бунинг сабабини Алишер Навоийдан сўраганларида, у киши “Бу бола устозимнинг ўғиллари эди. Шунинг учун устоз ҳурматларига отдан тушдим” деган эканлар. Дарҳақиқат, устозлар олдида доимо таъзимдамиз, ҳурматдамиз.

Байрам арафасида ана шуларни ўйлар эканман, хаёлимдан ушбу сатрлар кечди:
Чексиз меҳр билан менга боқдилар,
Қалбимга илмдан чироқ ёқдилар,
Ўқисанг, эртанг ҳам порлоқ дедилар –
Меҳрибон, фидойи, чин устозларим.
Билмасам, эринмай ўргатди улар,
Адашсам, тўғри йўл кўрсатди улар,
Тилимни булбулдай сайратди улар –
Меҳрибон, фидойи, чин устозларим.
Ҳар бир ютуғимдан осмонда боши,
Севинчдан тўкилар кўзидан ёши,
Ҳа, чинданам улар қалбим қуёши –
Меҳрибон, фидойи, чин устозларим.
Юксакка интил деб зина бўлишди,
Баъзан ота, баъзан она бўлишди,
Мен учун доимо фидо бўлишди –
Меҳрибон, фидойи, чин устозларим.
Сизларни унутмоқ гуноҳи азим,
Сизларга умрбод қиларман таъзим,
Бахтлиман, сиз мендан бўлсангиз рози –
Меҳрибон, фидойи, чин устозларим.
Ўзим Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги 37- мактабда (1966 -1976 йилларда) таҳсил олганман. Мен ҳам кўпчилик қатори, биринчи синфга борган пайтларим на ўқиш, на ёзишни билардим. Мактабимизнинг асосий биноси Турк қишлоғида жойлашган бўлиб, у анча узоқ бўлганлиги сабаб, унга қўшни бўлган Қоратош, Шўрча, Бешкал қишлоқларидаги болалар 3-синфгача ўз қишлоқларидаги мактабларда ўқир, 4-синфдан бошлаб эса асосий бинода ўқишни давом эттиришарди. Мен ҳам 3-синфгача ўз қишлоғимиздаги (олдин кимнингдир уйи бўлган) мактабда таҳсил олганман.
Ўша пайтлари боғча совхоз маркази Жума қишлоғида жойлашган бўлиб, бизнинг қишлоқдан 3-4 километр узоқликда эди. Шу сабаб боғчага боролмаганман. Бир сўз билан айтганда, “ғирт саводсиз” бўлганман. Мен учун дастлаб ҳарфлар айтилишини ўрганиб, кейин эса уларни ёзишни ўзлаштириш осон кечмаган. Лекин биринчи ўқитувчимиз Мамарашид Исоқуловнинг катта ёрдамлари туфайли бу қийин ишни муваффақиятли уддалашга эришганман. Кейин ҳарфларни бир-бирига қўшиб ўқишни ўргандим. Сонларни таниш ва уларни ёзиш ҳам ўз-ўзидан бўлмаган. Анча машаққат чекишимга тўғри келган. Устозимиз бизга ўқиш, ёзишни катта чидам, сабот билан ўргатишдан асло чарчамасдилар. Лекин таҳсил жараёнида бир марта ҳам асабийлашганларини, жаҳли чиқиб, бизга бақирганларини ёки қўл кўтарганларини кўрмаганман. Юзларидан табассум аримасди. Бирор марта ҳам дарсни қолдирганларини эслай олмайман. Жуда интизомли, ўзига талабчан инсон эдилар. Аммо ўша интизом, тартибни биздан ҳам талаб қиларди.

Уч ойлик таътилга чиққан пайтларимизда ҳам бизга Ўқиш китобидан шеърларни ёдлаб, арифметикадан мисол ва масалаларни ечиб келиш учун топшириқлар берардилар. Устоз буни биз болалар таътилни фақат ўйинлар билан ўтказиб, ўқиш, ёзиш ва ҳисобни буткул унутиб юбормаслигимиз учун қиларди. Биз ҳам устознинг бу топшириқларини таътилгача бекму кўст бажариб келардик. Устоз ҳам албатта ёзганларимизни синчиклаб кўриб, баҳолаб чиқарди.

Устознинг бизга яхши таълим берганларни шундан ҳам билса бўладики, у кишидан дастлабки таҳсилни олганлар кейинги ўқиш жараёнларида қийналишмаган, аъло баҳоларга ўқиганлар. Мактабни тугатишганларидан сўнг, уларнинг қарийб 90 фоизи олий ўқув муассасаларида таҳсил олишга мувафффақ бўлишди.
Устозимиз Мамарашид Исоқулов қарийб 50 йил давомида ўқувчиларга таълим-тарбия берди. Элнинг ҳурмат-эътиборига сазовар бўлди. Вилоят, туман халқ таълими бўлимлари томонидан турли хилдаги кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Ўзларидан ўчмас из – ёрқин хотира қолдирди. Қуйидаги шеъримни ҳам устоз хотирасига бағишлаганман:
Бир пайтлар билмасдим оддий ҳарфни,
Калтак деб ўйлардим ҳатто алифни,
Чин дилдан айтаман ушбу таърифни:
Нақадар улуғсиз, буюксиз устоз!
Китобдай офтобга ошно этдингиз,
Нурига бир умр ташна этдингиз,
Қарасам, Хизрга ўхшаб кетдингиз,
Нақадар улуғсиз, буюксиз устоз!
“Беш” олсак, кўзингиз куларди кундай,
“Икки” дан юзингиз қорайиб тундай,
“Фақат аъло ўқинг” дердингиз тинмай,
Нақадар улуғсиз, буюксиз устоз!
Бекорга кетмади меҳнатларингиз,
Бизни дея чеккан заҳматларингиз,
Сизгадир эҳтиром, раҳматларимиз,
Нақадар улуғсиз, буюксиз устоз !
Ҳа, устозларнинг беқиёс хизматлари, берган билим ва сабоқлари юртимиз тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилиши баробарида биз шогирдларнинг онгу шуурлари, қалбларида ҳам мангу сақланади, ҳеч қачон унутилмайди.
Туроб НИЁЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир