Усмонжон ва Анваржон Батумида шоҳсупага кўтарилди
Ёш таэквондочиларимиз Батумидаги турнирда муваффақиятли иштирок этиб шоҳсупага кўтарилди.
Грузиянинг Батуми шаҳрида таэквондо WT бўйича халқаро «Batumi Open» турнири бўлиб ўтди. Нуфузли мусобақада Ўзбекистон, Грузия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Саудия Арабистони, Россия ва Эрондан келган спортчилар ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мазкур мусобақада мамлакатимиз шарафини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЖАР спорт-соғломлаштириш комплекси спортчилари ҳимоя қилди.
Жумладан, турнирнинг 2015–2016 йилларда туғилганлар ўртасидаги беллашувларида Усмон Абдуғаниев 30 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди. 2017–2019 йилларда туғилган спортчилар ўртасида эса Анваржон Ғафуров 33 килограмм вазн тоифасида муваффақиятли иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритди.
Ёш спортчиларнинг халқаро майдонда қайд этган ушбу натижалари мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси эканини яна бир бор намоён этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА