Уруш ва гуманитар ёрдам камайиши ортидан 2028 йил қочқинлар сони 4 миллиондан ошади
Дунё бўйлаб 4 миллиондан кўп одам 2027 йил охирига келиб, гуманитар дастурлар учун маблағ камайиши туфайли уйини ташлаб кетишга мажбур бўлиши мумкин, деб ёзди “Reuters” агентлиги Дания Қочқинлар кенгаши бош котиби Шарлотта Слентега таяниб.
Халқаро Қизил хоч қўмитаси маълумотига кўра, дунё бўйлаб ички миқёсда кўчирилганлар аллақачон 117 миллиондан ошган. Можаролар сони эса 130 га етди. Бу XXI аср бошидаги кўрсаткичдан қарийб икки баробар кўп.
Энг кўп кўчиш урушнинг тўртинчи йилини бошдан кечираётган Суданда кузатилмоқда. Ҳозиргача 13,5 миллион киши уйини ташлаб чиққан мазкур мамлакатда кейинги икки йил яна 670 000 одам кўчирилиши хавфи юқори. Шунингдек, БМТ агентликлари маблағ етишмаслиги туфайли қўшни Чаддаги қочқинлар учун сув ва озиқ-овқат таъминоти камайиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА