Одатдагидек Жаннат-кампир тонг отмай уйғонди. Ювиниб, таҳорат олгач, уйига кириб тўрга қаради.

НОН (Ҳикоя)

Одатдагидек Жаннат-кампир тонг отмай уйғонди. Ювиниб, таҳорат олгач, уйига кириб тўрга қаради. Икки тахмон ўртасида, михда бир чети тишланган нон жойида осиғлиқ турарди. Кўнгли ёришган Жаннат-кампир жойнамозни ёзиб бомдодни ўқий бошлади. Кейин мункиллаб-сункиллаб кўча эшиги олдидаги супачага шошилди. Эллик йил бурун урушга кетган ҳалигача дараксиз ўғли Турсунбой келиб қолиши мумкин, эшик тагида кутиб олмаса бўлмайди. Кеча келмади, ҳар галгидек шомгача ўтирди. Бугун келиб қолар...

Шу пайт йўлдан ўтаётган бир одам кампирни кўриб салом берди:

– Ассалому алайкум, эна! Яхши ўтирибсизми?

– Кепқолади, болам, кепқолади. Худо хоҳласа, эрта-индин...– деди она ўғлимни сўрашяпти, деган хаёлда.

Жаннатой қарсиллаган бир аёл эди. Эри Мирзаҳамдам ака туҳматга учраб, ўттиз еттинчи йилда “халқ душмани” бўлиб отилиб кетди. Эрининг йўқлигини билдирмади, урушдан аввал бирин-кетин эл олдига дастурхон ёзиб, икки қизини чиқарди. Уруш йили тилаб олган ёлғиз ўғли Турсунбойга тўй қилди. Қизликдан дугонаси Рухсорабининг Чаманой деган, қишлоқдаги ягона, ҳурлиқодай қизини олиб берди. Тўймисан тўй бўлди. Ҳалигача гапиришади.

Ярим йил ўтар-ўтмас уруш бошланди. Турсунбой ҳам ҳарбий комиссариатдан чақириқ қоғози олиб келди. Жаннатой ўшанда дод солиб йиғлади. Чаманой ҳам пиқиллаганча, кўз ёшларини тиёлмасди. Ҳамма уйдан ҳам шундай йиғи овози чиқар, ҳамма уйдан ҳам кимдир урушга кетмоқда эди.

– Бўлди, опа...– юпатди онасини Турсунбой, унинг “опа”лаб тили чиққан эди.– Мана келинингиз бор, ёнингизда. Опаларим ёнингизда. Тезда уруш тугайди. Қайтиб келаман-да...

Жаннатой Турсунбойнинг гўдакникидек маъюс кўзларига, эндигина сабза урган мўйлабига тўймасдан тикилди. Кейин Чаманойга ўгирилди:

– Келин, битта ҳалиги нонингиздан опкелинг.

Чаманой куёви учун йўлга сутга илаб патир ёпганди. Ўша нондан биттасини қайнонасига узатди, ёғли патирнинг ҳиди атрофни тутиб кетди.

Жаннатой нонни ўпиб кўзларига суртди-да, деди:

– Болажоним, мана бу нондан бир тишлагин!

– Ҳозир овқатландим, қорним тўқ...

Она қўймади. Турсунбой нондан тишлади.

– Энди бу сенинг ризқинг бўлди. Уни деворга осиб қўяман. Иншоолло, ризқинг сени тортиб келади, ҳа. Келиб ўзинг ейсан...

Турсунбойдан бир хат келди. Унда “Сталинград жангига киряпмиз”, деган сўзлар ёзилган эди.

Уруш тугаб, кўплар она қишлоқларига қайтишди.

Турсунбойдан бошқа дарак бўлмади.

Ҳаш-паш дегунча ўн йил ўтиб кетди.

Жаннат-биби Турсунбойни соғинса, вақти-вақти билан уйга кириб, девордаги патирга қараб қўядиган бўлиб қолди. Нон боласининг чеҳрасига ўхшаб кетарди, унинг назарида.

Чаманой шу пайтгача Турсунбойнинг келиш-келмаслиги, уни кутиш-кутмаслиги ҳақида бирон нима демади. Эрталаб туради, апил-тапил чой ичиб, далага чопади. Даладан келади, уй ишларига қарайди. Ишқилиб, Жаннат-бибининг ўтидан кириб, кулидан чиқади. Иши амали шу.

Келинини зимдан кузатиб юрган Жаннат-биби унинг тобора сўлиб бораётганини сезарди. Ҳар кўрганда юраги эзиларди. Охири бир кун Чаманой даладан келганда ёнига ўтқазди ва шартта шундай деди:

– Қизим, жоним қизим... Келиним, десам йироқлашиб кетгандай бўпқоляпсан. Жон қизим... Ҳар иш бўлса оллодан экан. Ўғлимнинг ризқи бор, келади. Ана, тишлаб кетган нони турибди-ку. Аммо худо насиб қилганда келади. Қандоқ қилай. Мен шунча узоқ юрсин дебмидим-а! Энди... Бир ёғи, сенинг уволингдан ҳам қўрқаман, болам, худонинг олдида. Ёш нарсасан, ахир... Энди жавобингни берай... Она кутади, келин кутолмайди.

– Вой нималар деяпсиз, бувижон!.. Бувижо-о-он!

Чаманой ҳўнграганча ўзини Жаннат-бибига отди. Кўз ёшлари ювган юзларини қайнонасининг бағрига яшириб, унсиз ўксиб-ўксиб йиғлади. Жаннат-бибининг кўз ёшлари келинининг алам ичида титраётган мўъжаз елкаларига тушар эди. Икки муштипарни юпатгувчи одам бўлмади.

Жаннат-бибининг қизлари ўзаро маслаҳатлашишиб, энди ёлғиз оналарини уйларига олиб кетишмоқчи бўлишди. Катта қизи Ўғилой бу ҳақда оғиз жуфтлаган эди:

– Йўқ, болаларим...– деган рад жавобни олди.– Турсунбойимнинг уйини ташлаб, ҳеч қаёққа кетмайман! Қандай ташлаб кетаман? Ўғлим келсин, уйини ўзига топширай. Кейин, нима десангиз, шу.

Хуллас, қизлар оналарини кўндиришолмади, навбатма-навбат ундан хабар олиб туришадиган бўлишди. Нафсиламрини айтганда, уйлари ҳам унча узоқ эмасди. Қизлар набираларидан биттасига, ҳар куни онангнинг ёнида бўл, деб тайинлашди.

Орадан йиллар ўтди.

– Бугун Турсунбойим тушимга кириб қопти,– деди Жаннат-кампир бир куни Ўғилойга.– Уйга келганмиш-да, гапирмас эмиш. Шу... уйини кўриб хафа бўлдими... қаровсиз қопти, деб. Болам, уйимни бир оқлатиб беринглар. Бугун-эрта келиб қолади-я худди...

– Бўпти, опа!– Овозини баландроқ қилиб деди Ўғилой қулоғи оғирлашиб қолган онасига.

– Менга Турсунбойимнинг нонини олиб бер. Эҳтиёт қип қўяй. Оқлатганларингдан кейин қайтиб жойига қўйиб қўясан. Ҳазир бўл! Бўптими?

Ўғилой ўттиз йилдан бери осиғлиқ туравериб тош бўлиб қотиб кетган нонни авайлаганча михдан олиб, ташқарига чиқди. Чангларини пуфлаб, ўпиб кўзларига суртди, сўнг оҳиста онасига берди. Жаннат-кампир нонга узоқ тикилиб, ўғлини кўргандай бўлиб ўтирди. Бир ҳафтадан кейин яна нонни аввал қандай бўлса ўшандай жойига осиб қўйишди.

Шу кунларда мактабдаги ўқитувчи-ўқувчилар қишлоқдан урушга кетиб қайтмаган жангчиларга ёдгорлик ўрнатишди. Ёдгорликнинг очилиш маросимига Турсунбойнинг онаси сифатида Жаннат-кампирни ҳам таклиф қилишиб, унга одам юборишди.

– Ана айтмадимми!.. Ўғлимдан хабар келади, деб!– Қувониб кетди она, керилиброқ куёвининг машинасига ўтирар экан.– Тезроқ ҳайданг, болам!

Мактаб боғида одам бўйи келадиган мармар тошга йигирмадан ортиқ жангчининг номи зарҳал ҳарфлар ёзиб қўйилган эди. Жаннат кампирнинг кўзлари хиралашиб қолганидан Турсунбойнинг номини илғамади.

Маъюс мусиқа овозлари тинди.

– Азиз ўртоқлар,– овозини баланд қўйиб сўз бошлади мактаб директори маросимни очар экан. – Қишлоғимиздан не-не йигитларнинг хоки бегона ерларда қолиб кетди. Ушбу ёдгорлик улардан ёрқин хотирадир. Азиз ўғлонлар азиз жонларини Ватан йўлида фидо қилдилар.

Жаннат-кампир бу гапларни эшитмади. У эрта-индин келадиган боласини ўйларди. Кетганда ўн саккиз ёшли мўйлаби эндигина сабза урган йигитча эди. Ҳозир жуда катта йигит бўлиб кетгандир… Балки, келиб ҳам қолгандир? У эса бу ёқларда юрибди!

Жаннат-кампир уйига шошилди. Келди-ю нонни кўришга кирди. Нон қандай осилган бўлса, ўшандай маъюс, эгасини кутарди.

– Бир оғиз ҳам гапирмайсан-а. Бардошингга балли! – нонга ўпка қилиб деди Жаннат-кампир.– Биламан, дардинг оғир. Сен Турсунбойимнинг ризқисан. Кутяпсан-а...

Орадан беш йил ўтди.

Яна беш йил ўтди…

Кўча эшиги олдидаги супачада эртадан кечгача ўғлининг келишини кутиб ўтирадиган кампир йўловчиларга яхши таниш бўлиб қолган эди. Ўтаётганлар, кампир эшитсин, деб қаттиқроқ салом беришарди:

Йўловчининг кимлигини илғамаган кампир ҳаммага бир хилда:

– Эрта-индин кепқолади, болам, худо хоҳласа, эрта-индин...– деб жавоб қайтарарди.

Кўп ўтмай Жаннат-кампир бандаликни бажо келтирди. Охирги дақиқаларда:

– “Нон...”, “Нон...”– дея олди холос.

– Хўп, хўп, жоним опам! Нон жойида туради-и-и!.. Турсунбойни кутади-и-и!..– фарёд қилди Ўғилой, озиб-тўзиб кичкина бўлиб қолган онасига ўзини ташларкан.– Бечора опам-а! Қандай опам бор эди-я!.. бор эди-я!..

...Йиғидан кўзлари шишиб кетган Ўғилой нимадир иш билан уйга кирди. Беихтиёр кўзи икки тахмон ўртасига тушди, тушди-ю додлаб юборди! Шунча йил қимир этмай турган нон жойида йўқ эди! У парча-парча бўлиб ерда сочилиб ётарди...

Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси,
Давлат мукофоти лауреати

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уруш тугаб, кўплар она қишлоғига қайтишди, аммо Турсунбойдан дарак бўлмади
Маданият
18:02 / 24:04:2020