Уруғлик сифатини баҳолашда рақамли назорат кучаймоқда
Қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олиш уруғликнинг сифати ва экишга яроқлилигига бевосита боғлиқ. Шу боис уруғлик маҳсулотларини текшириш, сертификатлаш ва бу жараёнларда инсон омилини камайтириш аграр соҳадаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
“Ўзагроинспекция” ҳузуридаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасасида 2026 йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишларга бағишланган брифингда уруғликлар сифатини назорат қилиш, лаборатория синовлари ва хизматларни рақамлаштириш борасидаги натижалар ҳақида маълумот берилди.
Марказ ахборот хизмати раҳбари Сарвиноз Исмоилованинг таъкидлашича, жорий йилдан уруғликлар сифатини баҳолашнинг янги тизими жорий этилиб, жараёнларни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, “agrosert.uz” ахборот тизими орқали ҳисобот даврида буюртмачиларга 11 миллиондан ортиқ QR-кодли ёрлиқ тақдим этилди. Илк бор уруғлик майдонларида апробация ва навдорликни баҳолаш ишлари махсус планшетлар ёрдамида рақамли шаклда амалга оширилди. Бу далолатнома ва навдорлик гувоҳномаларини бевосита дала шароитида электрон расмийлаштириш имконини берди.

Уруғлик майдонларини баҳолаш натижалари ҳам эътиборга молик. Республика бўйича апробациядан ўтказилган 76,4 минг гектар уруғлик ғалла майдонининг 85 фоизи, 52 минг гектар уруғлик ғўза майдонининг эса 78 фоизи уруғлик олиш учун яроқли деб топилди. Талабларга жавоб бермаган майдонлар ва уруғлик партияларининг ажратиб олиниши сифатсиз маҳсулотнинг экишга йўналтирилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Марказда пахта ва дон маҳсулотлари сифатини баҳолаш ҳамда сертификатлаш ишлари ҳам олиб борилди. Тўққиз ойда 134,9 минг тонна пахта толаси сертификатланди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 44,3 фоиз кўпдир. Ядровий магнит резонанси анализатори ёрдамида техник чигит ёғдорлигини аниқлаш ҳажми ҳам 66,9 фоизга ошди.

Дон маҳсулотлари йўналишида эса 2 миллион 415 минг 600 тонна буғдой донини сертификатлаш бўйича белгиланган мавсумий ҳажм тўлиқ бажарилди. Импорт қилинган дон ва дон маҳсулотларининг 539,8 минг тоннаси ҳам сертификатдан ўтказилди.
Хизматлар сифатини ошириш мақсадида ахборот тизимлари такомиллаштирилиб, дон корхоналарига дон қабул қилишга тайёрлиги тўғрисидаги хулосаларни электрон шаклда олиш имконияти яратилди. Шунингдек, ходимларнинг малакасини ошириш ва лабораторияларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш бўйича ишлар давом эттирилди.
Халқаро ҳамкорлик доирасида уруғчилик тизимини такомиллаштириш, лабораторияларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва илғор тажрибаларни жорий этишга эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳрида 27-28 октябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Уруғчилик ассоциациясининг IX халқаро уруғчилик ва уруғлар савдоси конгрессига тайёргарлик кўрилмоқда.

Унда уруғликлар сифатини баҳолаш, сертификатлаш, рақамлаштириш ва уруғлик маҳсулотлари савдосини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш кўзда тутилган.
Нилуфар Бозорова, ЎзА