Урганчдан Олмаотага тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади
Қозоғистоннинг “FlyArystan” лоукостери Олмаота – Урганч – Олмаота йўналиши бўйича янги халқаро авиақатновни йўлга қўймоқда. Парвозлар 2026 йил 3 сентябрдан бошлаб ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.
Янги йўналиш Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳаво алоқаларини янада кенгайтириб, сайёҳлик, ишбилармонлик ва оилавий сафарлар учун қўшимча имкониятлар яратади.
Урганч Хоразм вилоятининг асосий авиация маркази ҳисобланади. Шунингдек, у ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Марказий Осиёнинг энг машҳур тарихий шаҳарларидан бири Хивага саёҳат қилиш учун қулай бошланғич нуқта саналади.
Мазкур йўналиш орқали йўловчилар Олмаота шаҳри орқали халқаро парвозлар тармоғига уланиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Қозоғистоннинг “FlyArystan” лоукостери 2019 йил май ойида ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, у Air Astana компаниялар гуруҳининг 100 фоизлик шўъба корхонаси ҳисобланади. Айни пайтда авиаташувчи Олмаота – Самарқанд ҳамда Остона – Тошкент йўналишлари бўйича мунтазам парвозларни амалга оширмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА