Ижтимоий тармоқларда: “Урганч шаҳридаги барча йўл кесишмасида бир гуруҳ одамлар нима қилишмоқда? Тўрт томонлама йўл кесишмаларида стол-стул қўйиб олиб, қоғозга ўтган-қайтган машиналарнинг номерларини ёзишмоқда.
Ҳайдовчиларни шубҳалантирмай аниқ қилиб жавоб бериш зарур, йўллардаги тирбандлик қайси кўчада кўпроқ, шуни ҳисоблаяпмиз, дейиш шунчалик қийинми? Ёки бошқа мақсадда ўтиришибдими бу одамлар?” қабилидаги постлар ва фотосуратлар тарқалди.
ЎзА мухбири ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борди.
Ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 7 июнь куни Хоразм вилояти Транспорт бошқармасида ва Кореянинг “Dongmyeong Technology Corporation” компанияси билан ҳамкорликда Урганч шаҳрида транспорт ҳаракатидаги муаммоларини бартараф этиш, йўлларда автомобиль тирбандликни камайтириш ва жамоат транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш ишлари бошланди.
Шу сабабдан кореялик мутахассислар иштирокида Урганч шаҳри чорраҳаларида махсус ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Жумладан, ҳар соатда йўлдан ўтадиган автомобиллар сони аниқланмоқда. Бунинг учун махсус ишчилар ҳам ёлланган.
– Мен икки кун давомида ўзимга бириктирилган чорраҳада транспорт воситаларини қайд этиш ишларини олиб бордим, – дейди ёлланма ишчи Ҳусан Саъдуллаев. – Ҳар ўн беш дақиқада бир томонга ўтаётган транспортларни санайман ва махсус жадвалга қайд этаман.
Сўнг бошқа томонни санаб, ҳисоблайман. Шу ишим учун менга ҳар саккиз соатда 150 минг сўм маош ва кунига икки маҳал иссиқ овқат беришди. Ўйлайманки, бу ишим шаҳримизда транспорт тизимининг яхшиланишига ёрдам беради.
Хоразм вилояти Транспорт бошқармасида “Ақлли транспорт тизими”ни ташкил этиш бўйича Кореянинг “Dongmyeong Technology Corporation” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Кореялик ҳамкорлар билан Урганч шаҳрида транспорт ҳаракатидаги муаммоларни бартараф этиш, йўлларда автомобиль тирбандлигини камайтириш ва жамоат транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.
– Мен Урганч шаҳрига Кореядан йўллардаги тирбандликни ўрганиш мақсадида келдим, – дейди Сим Жае Вуу. – Йўлларда йўл транспорт билан боғлиқ ҳалокатларнинг олдини олиш бўйича лойиҳани амалга оширмоқчимиз. Бунинг учун дастлаб асосий чорраҳаларда транспорт ҳаракатининг муаммоли жойларини аниқлаб, кейинчалик “Ақлли транспорт тизими” яратилади.
Биз жорий йилнинг сентябр ойига қадар ўрганишлар олиб борамиз. Таҳлиллар Корея компаниясига тақдим этилган 2 йилдан 5 йилгача бўлган муддатда лойиҳа молиялаштирилиб, ишлар амалга оширилади. Шундан сўнг Урганч кўчалари босқичма-босқич замонавий кўриниш касб этади.
Маълумот учун, мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Урганч ва Қарши шаҳарларида транспорт ҳамда логистика марказларини ривожлантиришга қаратилган.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА