Урганч “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи 37 йиллик тарихга эга. 1984 йилда республика рус тили ва жисмоний тарбия фанларини чуқурлаштирилган ҳолда ўргатишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат сифатида ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 22 майдаги “Ҳарбий академик лицейлар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-641 сонли қарори асосида ҳарбий касбга йўналтирилган лицей базасида 2007 йил 8 июндаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг131-сонли ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг 5-сонли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 6 июндаги
01-145-сонли қўшма қарори асосида 450 ўринли Ҳарбий юридик йўналишдаги Урганч академик лицейи ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-5106-сонли фармонининг 9-бандида республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилгач, ушбу муассаса Урганч “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академк лицейи дея номланди.
Ҳозирги кунда Урганч “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида 23 нафар ўқитувчи-педагог, 37 нафар ишчи-хизматчи ва
10 нафарга яқин харбий хизматчи жами 70 нафарга яқин шахсий таркиб иш фаолиятини юритиб келмоқда.
Лицей ўқувчилари 2016-2020 ўқув йилларида олий ҳарбий ҳамда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш бўйича қуйидаги кўрсаткичиларни қайд этган:
2016-2017 ўқув йилида битирувчилар сони 133 нафар бўлиб шундан
22 нафар ўқувчи олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган (16.54 %).
2017-2018 ўқув йилида битирувчилар сони 133 нафар бўлиб шундан
42 нафар ўқувчи олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган (31.58 %).
2018-2019 ўқув йилида битирувчилар сони 269 нафар бўлиб шундан 129 нафар ўқувчи олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган (47.96 %).
2019-2020 ўқув йилида битирувчилар сони 150 нафар бўлиб шундан 119 нафар ўқувчи олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган (79.33 %).
Билим юрти вакиллари 2019-2020 ўқув йилларида бўлиб ўтган математика ва физика фанлари бўйича лицей ўқувчилари халқаро олимпиадаларда совринли 2-3 ўринларни эгаллаб келган.
2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ўртасида бокс бўйича ўтказилган “Амир Темур авлодлари” мусобақасида лицей жамоаси биринчи ўринни эгаллаган.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 июндаги
“Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизматлари учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4375-сонли қарорнинг 6-банди талабларига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий-юридик йўналишдаги Урганч академик лицейи фаолиятини тўхтатиш ҳамда унинг бинолари (иншоотлари) ва унга туташ ҳудудларни 2019/2020 ўқув йилида ўқишга кирган ўқувчилар амалдаги ўқув дастури бўйича ўқишни якунлагандан сўнг ўрнатилган тартибда Хоразм вилояти ҳокимлигига топшириш белгиланган.
Юқоридаги қарорга асосан, 2021 йилда лицей ўқувчиларининг таълим жараёни тугаганидан сўнг, Урганч “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи фаолияти тўхтатилади.
Майор Тимур Нарзиев,
Шимоли-ғарбий ҳарбий
округ матбуот хизмати бошлиғи