Урганч давлат университетида ижодий имтиҳонлар қандай ташкил этилмоқда?
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида 2026-2027 ўқув йили учун алоҳида иқтидор талаб этувчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар давом этмоқда.
– Касбий (ижодий) имтиҳонлар 8-17 июль кунлари белгиланган график асосида бўлиб ўтади, – дейди УрДУ ахборот хизмати раҳбари Марҳабо Аҳмедова. – Имтиҳонлар “Чолғу ижрочилиги”, “Вокал санъати”, “Рангтасвир”, “Амалий санъат”, “Архитектура” ҳамда “Спорт фаолияти” йўналишлари бўйича тасдиқланган жадвал асосида ташкил этилмоқда. Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг бош мақсади абитуриентларнинг танлаган мутахассисликлари бўйича имкониятларини, билим ва малака даражаларини касбий кўникмаларини ижодий ҳамда жисмоний қобилиятларини аниқлашдан иборат.
Имтиҳонларни адолатли, очиқ ва шаффоф ўтказишни таъминлаш мақсадида live.urdu.uz сайти орқали онлайн кузатув йўлга қўйилган.
Касбий (ижодий) имтиҳон топширувчи фарзандларига руҳий далда бўлиш мақсадида улар билан бирга келган ота-оналар ва яқинлари учун Урганч давлат университетида махсус шинам ва салқин кутиш жойлари ташкил этилган.
[gallery-30354]
– Менинг қизим спортнинг эркин кураш тури билан шуғулланади, – дейди Ширин Бакиева. – У бугун спорт фаолияти йўналишида имтиҳон топширмоқда. Жараёнларни тўлиқ кузатиб боришимиз учун бизга етарлича шароит яратилган. Бизга ажратилган кузатув заллари салқин ва қулай қилиб, юмшоқ ўриндиқлар ўрнатилган.
Ота-оналар фарзандларини имтиҳон топшириш жараёнларини кутиш жойида монитор орқали тўғридан-тўғри кузатиб бормоқда.
Ижодий имтиҳонларни адолатли, шаффоф ўтказилишини назорат қилиш мақсадида университет Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс – назорат” тизимини бошқариш бўлими ҳам жараёнларни кузатмоқда. Синовлар ўтказилаётган ҳудудларга хавфсизликни таъминлаш учун ИИБ, Миллий гвардия ҳамда тиббиёт ходимлари жалб этилган.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари