Урганч давлат университети халқаро математика конференциясига мезбонлик қилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Урганч давлат университетида «Диофант яқинлаштиришлари ва туташ масалалар» мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Унда замонавий математика соҳасидаги долзарб масалалар, илмий тадқиқотлар натижалари ва истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Анжуманда дунёнинг 13 та давлатидан 27 та университет ва илмий-тадқиқот муассасаси вакиллари, жумладан, 37 нафар хорижий олим ва мутахассис иштирок этди.
Конференция давомида диофант яқинлаштиришлари, диофант кўрсаткичлари, Кантор тўпламлари, алгебраик сонлар, апериодик тўпламлар, бутун сонли функциялар ҳамда бир жинсли фазолардаги чегараланган орбиталар каби йўналишлардаги тадқиқотлар натижалари тақдим этилди.
[gallery-31235]
Иштирокчилар маърузалар орқали янги илмий натижалар билан танишиб, замонавий математик ёндашувлар юзасидан фикр ва тажриба алмашди.
Конференцияда Москва давлат университети, Хитой Фанлар академияси, Сорбонне Парис Норд университети, Цукуба университети, Олий иқтисодиёт мактаби ҳамда Шанхай математика ва фанлараро тадқиқотлар институти олимларининг маърузалари ҳам тингланди.
Халқаро анжуман математиканинг назарий йўналишларидаги илмий тадқиқотларни муҳокама қилиш, олимлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва илмий тажриба алмашиш учун мулоқот майдони бўлди.
Беҳзодбек САИДОВ(сурат),ЎзА