Тошкент давлат шарқшунослик университетига 5 апрель куни Россия Федерациясининг Б.Ельцин номидаги Урал федерал университети ректори Виктор Кокшаров бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Учрашувда ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева меҳмонларга университет фаолияти, олий таълим ва илмий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар, Россия Федерацияси олий таълим муассасалари билан бугунги кундаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берди.
Ўз навбатида, Виктор Кокшаров Урал федерал университети фаолияти, таълим соҳасида инновациялар ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган лойиҳалар тўғрисида сўзлаб берди. Шу билан бирга айни пайтда университетда турли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича 100 дан ортиқ Ўзбекистон ёшлари таҳсил олаётганини қайд этди.
Учрашув давомида 2018 йилда ТДШУ ва Урал федерал университети ўртасида ҳамкорлик ўрнатилгани қайд этилди. Ушбу алоқаларни янги босқичга кўтариш мақсадида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишилди.
УрФУда шарқ тилларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ТДШУ шарқшунос филологларини қисқа муддатли маърузалар ўқишга таклиф қилиш режаси борлиги маълум қилинди.
В.Кокшаров Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан жорий йил май ойида УрФУда халқаро конференция ўтказилишини маълум қилди. Мазкур анжуман ТДШУ билан ҳамкорликда ўтказилади.
Маълумот ўрнида: Урал федерал университети QS жаҳон университетлари рейтингида 331-ўринни эгаллайди ҳамда Россия Федерациясининг етакчи таълим ва илмий масканларидан бири ҳисобланади.