“Мен донорман” – эзгуликка чорловчи ташаббус
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Мен донорман” акцияси ўтказилди.
Унда филиал профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирок этиб, беғараз ёрдам кўрсатиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Акция доирасида филиал ҳудудига олиб келинган махсус кўчма донорлик мажмуасида қон топшириш жараёни ташкил этилди.
Иштирокчилар дастлаб тиббиёт ходимлари кўригидан ўтиб, кўрсатмаларга мувофиқ келган фуқаролар белгиланган тартибда қон топширдилар.

Тадбирда талаба-ёшларнинг фаоллиги алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Улар учун донорликнинг тиббий ва ижтимоий аҳамиятини англаш, ўз соғлиғига масъулият билан ёндашиш ҳамда ёрдамга муҳтож инсонлар ҳаётига дахлдор эзгу ишда иштирок этиш имконияти яратилди.
Профессор-ўқитувчиларнинг ҳам акцияда қатнашиши ёшлар учун ибратли намуна бўлди.

Қон донорлиги тиббиётда ўрнини бошқа восита билан тўлдириб бўлмайдиган ёрдам турларидан биридир. Жарроҳлик амалиётлари, оғир жароҳатлар, турли касалликлар билан боғлиқ ҳолатларда қон ва унинг таркибий қисмларига эҳтиёж туғилади. Шу боис ихтиёрий донорлик ҳар бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшиши мумкин.

Филиалда ўтказилган ушбу акция жамоада донорликка масъулиятли муносабатни шакллантириш, ёшлар орасида инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилиш ва ихтиёрий қон топшириш маданиятини кенгайтириш йўлидаги амалий ташаббус бўлди.
Оддий бир хайрли ҳаракат ким учундир умид, бошқа бир инсон учун эса ҳаётни сақлаб қолишга сабаб бўлиши мумкин.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири