Университетнинг сунъий интеллект лабораторияси фаолияти ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган давлат техника университетида Наманган вилояти Божхона бошқармаси бошлиғи Ж. Файзуллаев бошчилигидаги бошқарма ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Божхона институти курсантлари, Давлатобод тумани маҳалла ёшлар етакчилари ҳамда оталиққа олинган ёшлар иштирокида учрашув ташкил этилди.
Университет ректори, профессор О. Эргашев иштирокчиларни олий таълим муассасасида сунъий интеллект йўналишида амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар, замонавий инфратузилма ва илмий салоҳият билан таништирди.
Сунъий интеллект лабораториясида талабаларнинг назарий билимини амалиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилаётган замонавий таълим муҳити, таҳлил маркази, робототехника ва бионика марказлари, стартап-акселератор, 9 та “ақлли” аудитория ҳамда махсус тайёргарлик хоналари фаолияти намойиш этилди.
[gallery-30356]
Шунингдек, лабораторияда сунъий интеллект, робототехника, “ақлли” транспорт тизимлари, экология ва агротехнологиялар йўналишида ишлаб чиқилаётган инновацион илмий-амалий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Учрашув давомида сунъий интеллект технологияларини божхона тизимига жорий этиш, рақамли бошқарувни такомиллаштириш, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш ҳамда ушбу йўналишда малакали кадрлар тайёрлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ёшларни сунъий интеллект лабораторияси қошида фаолият юритаётган тўгаракларга жалб этиш ва уларнинг инновацион лойиҳалардаги иштирокини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Якунда университетнинг илмий салоҳиятидан фойдаланган ҳолда божхона тизими учун инновацион ечимлар ишлаб чиқиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА