Университетлар ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди
Душанбе шаҳри ўтказилган Ўзбекистон ва Тожикистон олий таълим муассасалари ректорларининг III форуми доирасида икки мамлакат университетлари ўртасида академик ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим келишувларга эришилди.
Жумладан, Навоий давлат университети ректори, профессор Муҳиддин Калонов ҳамда Сотим Улуғзода номидаги Тожикистон халқаро чет тиллар университети ректори, профессор Жило Гулназарзода ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки олий таълим муассасаси ўртасида таълим, илм-фан ва академик алмашинув соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ҳуқуқий ва амалий асос бўлиб хизмат қилади.

Меморандум доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро илмий-амалий конференциялар, семинар ва тренинглар ташкил этиш, замонавий таълим дастурларини жорий этиш ҳамда илғор тажрибалар алмашиш каби қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.
Шунингдек, томонлар академик алоқаларни янада мустаҳкамлаш, таълим сифатини ошириш, ёш олимлар ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш борасида ҳам келишиб олди.
А.Бўриев, ЎзА