Давлатимиз раҳбари раислигида 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, техникум ва олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш борасида олий ўқув юртлари зиммасига қатор вазифалар юкланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан йиғилишда берилган топшириқлар ижроси доирасида Қарши давлат университети ректори Д.Набиев бошчилигида олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари вилоятдаги Косон, Касби ва Муборак туманларидаги ихтисослаштирилган мактабларга боришди.

Мулоқотларда мактабларда ўқитиладиган аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар узвийлигини университетнинг бакалавриат таълим йўналишларида ҳам таъминлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, ректорнинг сўзига кўра, мактаб ва олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, университетда ўқитиладиган бакалавриат таълим йўналишлари (математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар), шунингдек, университет академик лицейининг ўқув режа ва дастурлари ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқув режа ва дастурларига мувофиқлаштирилади. Янгиланган дастурлар эса 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб университетда жорий қилинади. Университетнинг мутахассислик тайёрлайдиган кафедра ўқитувчилари мактабларга бириктирилади.

Шунингдек, тадбирда Президентнинг тегишли фармонига кўра, 2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларига кимё, биология, физика, математика ва ахборот технологиялари йўналишларида кадрлар тайёрлайдиган давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда бериладиган имтиёзлар ҳақида ҳам сўз борди. Д.Набиевнинг қайд этишича, ушбу мактабларнинг иқтидорли битирувчиларини университетга жалб қилиш асносида уларнинг бакалавриат ва магистратурада таҳсил олиши таъминланади.
Мулоқотлар жараёнида ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Мактабларнинг иқтидорли ўқувчилари билан ҳам учрашув ташкил қилинди. “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари доирасида мактаб ўқувчилари олий таълим муассасасига таклиф этилди. Мактабларга китоблар тўплами совға қилинди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири