Қарши давлат университетининг “Лочин” футбол клуби ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо жамоа қисқа фурсатларда бир қатор ютуқларга эришди. Хусусан, ўтган 2022 йилда “Вилоят кубоги”, “Вилоят ҳокими кубоги” ва “Вилоят 2-лига баҳслари”да чемпионликни қўлга киритди. Ўз тарихида илк бор пляж футболи бўйича Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, қўлга киритилган бронза медали совринлар коллекциясини тўлдирди. Бугун жамоа янги мавсум учун катта иштиёқ билан тайёргарлик кўрмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишида талабалар футбол клуби ривожи учун берган имкониятлар жамоага янги куч, ўзгача мотивация бағишлади. Аҳамиятлиси, машғулотларда “Насаф” ФК бош мураббийи, университет фахрий профессори Рўзиқул Бердиев тажрибалари билан ўртоқлашиб, маҳорат дарслари ўтказмоқда. “Насаф” клубининг асосий таркиб ўйинчилари билан елкама-елка машғулот олиб бораётган ёш футболчилар катта футбол сир-асрорларини қунт билан ўзлаштирмоқда.
Университет бош майдонининг трибунаси жамоа машғулотларини кузатиш учун келган мухлислар билан гавжум. Футбол клубининг моддий-техник базаси тубдан яхшиланди.
Маълумот ўрнида “Лочин” жамоаси 10 майдан вилоят 2-лига мусобақаларида иштирокини бошлайди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.