Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи мамлакатимиз суверенитетининг рамзи бўлиб, унда миллий давлатчилигимиз, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш йўлидаги эзгу мақсад ва миллий ғоялармиз, асосийси, умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, орзу-умид ва ёруғ келажакка интилишларимиз, ор-номусимиз ва ғуруримиз акс этган.
Бугун 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан барча юртдошларимизни OʼzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари номидан самимий табриклайман.
Байроғимиз, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи йўлида барчамизни бирлаштириб, мамлакатимиз мустақиллигини ҳамиша кўз қорачиғидек асрашга, буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга, юксак ишонч ва қатъият билан келажакка қадам ташлашга даъват этиб турибди.
Шу билан бирга нуфузли халқаро ташкилотларнинг пештоқида, жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз байроғининг мағрур ҳилпираб туриши барчамизга фахр ва ифтихор бағишламоқда.
Миллий байроғимизнинг кундалик ҳаётимизда доимий ҳамроҳимизга айланиши бизнинг давлатда яшовчи барча миллат ва элат вакилларини жипслаштиришда муҳим ўрин тутади.
OʼzLiDeP фракциясига аъзо бўлган депутатлар сайловчилар билан ўтказган учрашувларида давлат рамзлари, хусусан, давлат байроғининг бундан 31 йил олдин қабул қилинганлиги, сўнгги йилларда эса ундан фойдаланишда айрим чекловлар мавжудлигини очиқ, ошкора айтишмоқда.
Учрашувлар жараёнида ушбу қонунни давр талабига мослаштириш, Давлат байроғидан фойдаланиш борасида қонун нормаларини янада либераллаштириш лозимлиги билдирилмоқда.
Бугун Қонунчилик палатасидаги OʼzLiDeP Фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини илгари суриб муҳокама ташкил этиш ва депутатларимиз орасидан ишчи гуруҳи тузиш кўзда тутилмоқда.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари