Умумтаълим мактабига энергия тежамкор тизим жорий этилди
Боёвут тумани Миришкор маҳалласида жойлашган 29-сонли умумтаълим мактабида замонавий энергия тежамкор иситиш тизими ишга туширилди.
Лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида Япония ҳукумати томонидан ажратилган 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
Мазкур ташаббус доирасида эски, энергия сарфи юқори бўлган қозонхона ўрнига замонавий, экологик хавфсиз иссиқлик насослари асосида ишловчи янги тизим барпо этилди. Ушбу технологиянинг асосий афзаллиги шундаки, у сарфланган 1 кВт электр энергия эвазига 3-4 баробар кўпроқ иссиқлик энергияси ишлаб чиқара олади. Шу билан бирга, ёқилғи ёниш жараёни мавжуд эмаслиги туфайли атмосферага зарарли чиқиндилар чиқиши кескин камаяди ва экологик хавфсизлик таъминланади.
Асосийси, янги иситиш тизимини фойдаланишга топшириш муносабати билан тадбир ташкил этилди. Унда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико хоним ҳамда Боёвут тумани ҳокими Ниёз Ҳазратқулов иштирок этиб, лойиҳанинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратдилар.
[gallery-29127]
Маълумотларга кўра, янги тизим жорий этилиши натижасида мактабда энергия сарфи 56 фоизгача қисқариши кутилмоқда. Шунингдек, бинонинг энергия самарадорлиги даражаси “D” (нормал)дан “A” (жуда юқори) тоифага кўтарилиши таъминланади.
Тадбир иштирокчилари мазкур лойиҳа нафақат таълим муассасасида қулай шароит яратиш, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва “яшил тараққиёт” тамойилларини кенг жорий этиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА